АҚШ, Австралия ва Япония Хитойни ҳарбий машғулотларни зудлик билан тўхтатишга чақирди

Олам

image

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен, Австралия Ташқи ишлар вазири Пенни Вонг ва Япония Ташқи ишлар вазири Ёсимаса Хаяши кеча, 5 август куни АҚШ Конгресси спикери Нэнси Пелосининг Тайванга ташрифи муносабати билан Хитойнинг ҳаракатларидан хавотир билдирди ва расмий Пекинни ҳарбий маневрларни зудлик билан тўхтатишга чақирди.

“Давлат котиби ва вазирлар Тайвань бўғозида тинчлик ва барқарорликни сақлашга содиқ эканликларини тасдиқладилар. [Улар] Хитойнинг сўнгги ҳаракатлари, жумладан, халқаро тинчлик ва барқарорликка жиддий таъсир кўрсатаётган кенг кўламли ҳарбий машғулотлардан хавотир билдирди. Улар Хитойнинг баллистик ракеталарни учираётганини қораладилар, Япония ҳукуматига кўра, улардан бештаси мамлакатнинг эксклюзив иқтисодий зонасига тушди, бу эса минтақадаги кескинлик ва беқарорлик кучайишига олиб келди”, дейилади баёнотда.

Австралия, АҚШ ва Япония ташқи ишлар идоралари раҳбарларининг Камбоджада бўлиб ўтган Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (АСЕАН) вазирлар йиғилиши доирасидаги музокаралари якунлари бўйича қабул қилинди.

“Давлат котиби ва вазирлар ХХРни ҳарбий машғулотларни зудлик билан тўхтатишга чақирди”, дейилади ҳужжатда. 

Вонг, Блинкен ва Хаяши Тайван масаласида Австралия, Қўшма Штатлар ва Япониянинг “Ягона Хитой” тамойили бўйича позицияси ўзгармаганини қайд этган.

Бундан ташқари, ташқи ишлар вазирлари “Ҳинд ва Тинч океани минтақаларининг эркинлиги ва очиқлигини таъминлаш учун” уч мамлакат ҳамкорлигини чуқурлаштириш истагини билдирган, шунингдек, АСЕАНнинг минтақадаги марказий ролини қўллаб-қувватлашини тасдиқлаган.

Нэнси Пелоси 2 август куни кечқурун Тайпейнинг Соншан аэропортига етиб келди ва оролда бир кун ҳам бўлмай, бугун, 3 август куни қайтиб кетди. Бу АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикерининг 1997 йилдан бери оролга қилган илк сафари бўлди. Пелоси Тайванда орол маъмурияти раҳбари Цай Ингвен билан учрашди.

Бу воқеа АҚШ ва Хитой муносабатларини таранглаштирди. Расмий Пекин Пелоси келишидан олдин Тайвань яқинида ҳарбий машғулотлар бошлаганди. Ташрифдан кейин эса орол атрофида бир қанча ҳудудларда машғулотларга старт берилди.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги сиёсатчининг ташрифига кескин норозилик билдирди ва уни қоралади. Унинг сафари “Ягона Хитой” тамойили ва учта Хитой-АҚШ коммюникелари қоидаларини жиддий равишда бузиши урғуланди. Пекин, шунингдек, Вашингтонни Хитойни назорат қилиш учун Тайвандан фойдаланишни тўхтатишга чақирди. Бундан ташқари, дипломатик департамент мамлакат суверенитетини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўришига ишонтирди.

Оқ уйнинг фикрича, Пелосининг Тайванга ташрифи Хитой суверенитетини бузмаган, АҚШ маъмурияти эса “ўзини қўрқитишга йўл қўймаслигига” ишонтирган. Америка расмийлари минтақада кескинликнинг кучайишига ҳеч қандай сабаб йўқлигини таъкидламоқда.

Кремль Пелосининг сафарини минтақадаги кескинликни кучайтирувчи провокация деб атади. Президент матбуот котиби Дмитрий Песков дунёнинг барча давлатлари буни қайд этаётганига эътибор қаратди ва Россиянинг Хитой билан бирдамлигини қайд этди.

Хитой ҳарбийлари Пелоси ташрифидан кейин шай ҳолатга келтирилди. Армия Тайвань атрофидаги бир нечта нуқтада ҳарбий машғулотлар бошлади.

Тайвань ва АҚШ муносабатлари

Тайвань 1949 йилда Чан Кайши (1887-1975) бошчилигидаги Гоминдан қўшинларининг қолдиқлари Хитой фуқаролар урушида мағлубиятга учрагач, оролга қочиб кетганидан бери ўз маъмурияти томонидан бошқарилади. Ўшандан бери Тайвань коммунистлар ҳокимиятга келишидан олдин материкда мавжуд бўлган собиқ Хитой Республикаси байроғи ва бошқа атрибутларини сақлаб қолган.

Қўшма Штатлар 1979 йилда Тайвань билан дипломатик алоқаларни узиб, уларни ХХР билан ўрнатган. Вашингтон “ягона Хитой” сиёсатини тан олиш билан бирга, айни пайтда Тайбэй маъмурияти билан алоқаларни давом эттирмоқда ва оролга қурол етказиб бермоқда. 2020 йилда АҚШнинг аввалги Президенти Дональд Трамп маъмурияти Гонконгдаги вазият туфайли Пекин билан муносабатларнинг кескинлашуви фонида Тайвань билан алоқа ва алмашинувларни сезиларли даражада фаоллаштирди, бу эса ХХР расмийларининг норозилигига сабаб бўлди. 

АҚШ Тайваннинг асосий қурол етказиб берувчисидир. Жорий йилнинг апрель ойида Давлат департаменти Patriot зенит-ракета тизимларига хизмат кўрсатиш бўйича 95 миллион долларлик шартномани маъқуллади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Хитой

Баҳолаганлар

51

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг