Пелосининг самолёти Тайбэй аэропортига қўнди
Олам
−
02 Август 2022
16073Бортида Америка Қўшма Штатлари Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси бўлган самолёт Тайвань пойтахти Тайбэйдаги Суншан аэропортига қўнди.
Самолёт қўнишидан бироз аввал Хитой оммавий ахборот воситалари Хитойнинг Су-35 қирувчи самолётлари Тайвань бўғозини кесиб ўтаётгани ҳақида хабар тарқатди.
Бошқа ОАВларга кўра, АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг ўнлаб қирувчи самолётлари Япониядаги базалардан кўтарилган, улар Тайвань томон йўл олишмоқда.
Тайвань марказий телеканаллари мамлакатда иккинчи даражали тревога эълон қилди.
Қайд этиш керак, Нэнси Пелоси сўнгги 25 йилда ташриф буюрган энг юқори мартабали америкалик амалдор бўлади.
“Пелоси бошчилигидаги Америка делегацияси Тайбэйдаги “Grand Hyatt” меҳмонхонасида бир кечага 48 та хонани банд қилди”, дея хабар берди маҳаллий телеканаллар.
Меҳмонхона ва унинг атрофида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.
Пелоси 3 август куни соат 17:00 гача Тайванда бўлиши кутилмоқда. Ташриф давомида у меҳмонхонада матбуот анжумани ўтказади, Тайвань маъмурияти раҳбари Цай Инвэнь ва маҳаллий сиёсий партиялар вакиллари билан учрашади.
Ненси Пелоси унинг ташрифи АҚШ Тайванни қўллаш борасида қанчалик қатъий позицияда эканини кўрсатишини айтди.
Маълумот учун, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Осиё турнеси давомида Малайзия, Сингапур, Корея ва Японияга бориши режалаштирилган. Сафар апрель ойида амалга оширилиши керак эди. Бироқ палата спикери коронавирусга чалингач, сафар кечиктирилди.
Хитой Пелосининг Тайванга бориши муносабатларга жиддий путур етказиши ҳақида бир неча марта огоҳлантирди. Ҳатто унинг самолётини уриб тушриши мумкинлигини кўрсатиш учун Тайваньга энг яқин вилоятида ҳақиқий ўқлардан фойдаланган ҳолда машғулот бошлади. Ҳатто вилоятга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳам жойлаштирилди.
Тайвань 1949 йилда Чан Кайши (1887-1975) бошчилигидаги Гоминдан қўшинларининг қолдиқлари Хитой фуқаролар урушида мағлубиятга учрагач, оролга қочиб кетганидан бери ўз маъмурияти томонидан бошқарилади. Ўшандан бери Тайвань коммунистлар ҳокимиятга келишидан олдин материкда мавжуд бўлган собиқ Хитой Республикаси байроғи ва бошқа атрибутларини сақлаб қолган.
Қўшма Штатлар 1979 йилда Тайвань билан дипломатик алоқаларни узиб, уларни ХХР билан ўрнатган. Вашингтон “ягона Хитой” сиёсатини тан олиш билан бирга, айни пайтда Тайбэй маъмурияти билан алоқаларни давом эттирмоқда ва оролга қурол етказиб бермоқда. 2020 йилда АҚШнинг аввалги Президенти Дональд Трамп маъмурияти Гонконгдаги вазият туфайли Пекин билан муносабатларнинг кескинлашуви фонида Тайвань билан алоқа ва алмашинувларни сезиларли даражада фаоллаштирди, бу эса ХХР расмийларининг норозилигига сабаб бўлди.
АҚШ Тайваннинг асосий қурол етказиб берувчисидир. Жорий йилнинг апрель ойида Давлат департаменти Patriot зенит-ракета тизимларига хизмат кўрсатиш бўйича 95 миллион долларлик шартномани маъқуллади.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15