АҚШ америкаликларни ноқонуний ҳибсга олган давлатларга нисбатан санкцияларни кучайтиради

Олам

image

АҚШ ҳукумати Америка фуқаролари ноқонуний ҳибсга олинган мамлакатларга нисбатан чекловларни кучайтиришга тайёр. Бу ҳақда бугун, 5 апрель куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Брюсселдаги матбуот анжуманида маълум қилди. 

Брюсселда бўлиб ўтаётган НАТОга аъзо давлатларнинг Ташқи ишлар вазирлари йиғилишида иштирок этган Энтони Блинкен Вашингтоннинг америкаликларни ноқонуний ҳибсга олганларга нисбатан босимни оширишга тайёр эканини айтган.

“Бундай ҳолатларда ноқонуний ҳибсга олинган одамларни қайтариш учун қилиниши керак бўладиган ишлар ва уларнинг қай бирини синаб кўриш ўртасидаги мувозанатни сақлаш керак. Биз одамларни ўз ватанларига қайтариш билан шуғулланар эканмиз, Америка фуқароларининг ноқонуний, ўзбошимчалик билан ҳибсга олинишига алоқадор бўлганларга нисбатан босим ва санкцияларни кучайтиришимиз мумкин”, деган Блинкен.

Шунингдек, у Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни яқинда бўлиб ўтган телефон суҳбатида Москвада жосусликда айбланиб, ҳибсга олинган Америка фуқароси Пол Уилан борасидаги АҚШ таклифларини қабул қилишга чақирганини айтган.

“Пол Уилан ҳақида гапирадиган бўлсак, АҚШнинг таклифи бор ва у бир неча ойдан бери мавжуд. Ташқи ишлар вазири Лавров билан суҳбатда мен Полни ватанига қайтаришимиз учун Россия бу таклиф устида ишлаши кераклигини яна бир бор таъкидладим”, деган АҚШ Давлат котиби.

Бундан ташқари, Блинкен Лавров билан Американинг “The Wall Street Journal” газетаси журналисти Эван Гершковичнинг ҳибсга олинишини ҳам муҳокама қилганини ва уни зудлик билан озод қилишни талаб қилганини қўшимча қилган.

Маълумот учун, АҚШ, Канада, Ирландия ҳамда Буюк Британия фуқаролигига эга бўлган Пол Уилан 2018 йилнинг 28 декабрида Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Москвадаги Метрополь меҳмонхонасидаги хонада жосуслик компанияси чоғида қўлга олинган. ФХХ тергов бўлими унга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 276-моддаси (Жосуслик) бўйича жиноий иш қўзғатди. Москва шаҳар суди Уиланни айбдор деб топган ва уни 16 йилга тартибли колонияга ҳукм қилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 март куни Екатеринбургда “The Wall Street Journal” газетаси мухбири Эван Гершкович жосусликда гумон қилиниб, ФХХ томонидан ҳибсга олинган эди. Шундан сўнг АҚШ Давлат департаменти Россиядаги барча Америка фуқароларини зудлик билан мамлакатни тарк этишга чақирганди.  2 апрель куни эса Блинкен шу масалада Лавров билан телефонда гаплашган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ НАТО Россия Лавров Блинкен Брюссель америкаликлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг