АҚШ Афғонистон ҳудудига зарба беришни давом эттиради – “Politico”

Олам 15901
image

Келажакда америкалик ҳарбийлар Aфғонистондаги ИШИД жангариларига зарба бериш учун асосан AҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг самолётларидан фойдаланади. Бу ҳақда “Politico” нашри хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Вашингтон маъмурияти Aфғонистондаги ИШИД жангариларига самолёт ва дронлар ёрдамида ҳаво ҳужумларини уюштиришга тайёрлигини билдирган.

“Бироқ, самолётлар ёрдамида разведка маълумотларини тўплаш учун узоқ масофадан мунтазам равишда бундай миссияларни бажариш режаси ишлаб чиқилмаган”, дейилади хабарда.

АҚШ армиясига кўра, катта эҳтимол билан бу миссияларнинг кўпи Ҳарбий-денгиз кучларига юклатилади.

Ҳисоб-китобларга кўра, Вашингтон Aфғонистон яқинида AҚШ назоратидаги аэродромларнинг йўқлиги сабабли ташувчи самолётлардан фойдаланиши мумкин.

Экспертларга кўра, AҚШ Aфғонистондаги вазият ҳақида маълумот тўплаш ва узоқ масофадан зарба бериш учун мўлжалланган дронлардан кўпроқ фойдаланиши мумкин.

Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади.

Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Ҳокимиятни "Толибон"га ўтишини таъминлаш учун Мувофиқлаштириш кенгаши тузилиб, унга Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай киритилганди.

Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.

Қайд этиш керакки, ҳозирда фақатгина Панжшер вилояти толиблар ҳокимиятини тан олмаяпти. Вилоятда "Толибон"га қарши кучлар йиғилмоқда. Уларга эса машҳур "дала қўмондони" Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қиляпти.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 261
Рейтинг: 2.9
t
×