АҚШ ҳарбийларининг ўлими Эронга қимматга тушади – Трамп (видео)

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Эронга қарши урушда дам олиш кунлари америкалик ҳарбийлар ҳалок бўлгач, Теҳрон бунинг учун “бир неча баробар қиммат” тўлашини айтди. Бу ҳақда Трамп Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.

Маълумотларга кўра, февраль ойида бошланган уруш давомида ҳалок бўлган АҚШ ҳарбийлари сони дам олиш кунлари 17 нафарга етган. Яна бир ҳарбийнинг жасади бўйича экспертиза ишлари давом этмоқда. Ҳалок бўлганларнинг икки нафари Эроннинг Иорданиядаги АҚШ ҳарбийларига уюштирган ҳужуми оқибатида вафот этгани тасдиқланган.

“Эрон ҳар сафар америкалик аскарни ўлдирса, бунинг учун бир неча баробар қиммат тўлайди”, деб ёзган Трамп.

Унинг айтишича, бу бўйича кўрсатма Мудофаа вазири Пит Хегсет ҳамда Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитаси раиси Даниел Кейнга берилган.

Пентагон маълумотларига кўра, уруш бошланганидан буён қарийб 430 нафар АҚШ ҳарбийси яраланган. Фақат жорий йилнинг 7 июлидан буён 100 нафар ҳарбий жароҳат олган бўлиб, уларнинг 96 фоизи хизматга қайтган.

Оқ уй Трамп Делавэр штатидаги Dover ҳарбий-ҳаво базасида ҳалок бўлган ҳарбийларни тантанали кузатиш маросимида иштирок этишини маълум қилган.

Уруш ва унинг молиявий харажатлари бугун, 21 июль куни АҚШ Конгрессида бўлиб ўтадиган тингловларнинг асосий мавзуларидан бири бўлиши кутилмоқда. Унда Мудофаа вазири Пит Хегсет ва Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитаси раиси Даниел Кейн иштирок этади.

Маълумот учун, қисқа муддатли сулҳдан сўнг, 7 июлдан бошлаб жанглар яна авж олди. Бу даврда АҚШ Эрон ҳудудига зарбалар берди, Эрон эса Яқин Шарқдаги АҚШ кучларига ҳужумларни кучайтирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон музокараларга рози бўлмаса, мамлакатнинг электр станциялари ва кўприкларига зарба беришини айтган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг