Афсонавий Оксана Чусовитина яна шоҳсупага кўтарилди
Спорт
−
18 Август 2022
8753Кеча, 17 август куни Туркиянинг Конья шаҳрида бўлиб ўтаётган V Ислом бирдамлиги ўйинларида бир қатор ўзбекистонлик спортчилар муваффақиятли иштирок этди.
Ўзбекистонлик таниқли каратэчилардан бири Садриддин Сайматов мусобақа якуни арафасида Ўзбекистон делегация учун жуда ҳам қимматли олтин медални тақдим этди. -67 кг вазн тоифасида жанг қилган Сайматов ҳал қилувчи беллашувда Марокаш вакилидан устун келиб, иккинчи бор Ислом бирдамлиги ўйинларининг чемпионига айланди.
Коньядаги Олимпия сузиш ҳавзаси ҳам ўзбек спортчиларининг яна бир ғалабасига шоҳид бўлди. Эркаклар ўртасида 4х100 метрга комплекс усулда сузиш дастурида ўзбекистонлик спортчилар Ислом бирдамлиги ўйинларининг рекордини ўрнатган ҳолда, маррага биринчи бўлиб етиб келишди. Натижада, Алексей Тарасенко, Элдорбек Усмонов, Владислав Мустафин ва Хуршиджон Турсунов Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги олтин медалларни яна биттага кўпайтирди.
Шунингдек, кеча 17 август куни спорт гимнастикаси бўйича ҳам беллашувлар бошланди. Унда баҳсларга киришган ўзбекистонлик аёл спортчилар ҳам шоҳсупага кўтарилди. Оксана Чусовитина, Дилдора Арипова ҳамда Оминахон Ҳалиловадан иборат трио фақатгина мезбон Туркия вакилларидан ортда қолиб, кумуш медалга сазовор бўлди.
Маълумот учун, Ўзбекистон делегацияси Ислом бирдамлиги ўйинларида 46 та олтин, 38 та кумуш ва 56 та бронза, умумий ҳисобда 140 та медаль жамғарди. Бу кўрсаткич борасида фақатгина мезбон Туркия Ўзбекистондан олдинда бормоқда, холос.
LiveБарчаси