Африка кубоги финалидаги воқеалар учун 18 мухлис қамалди
Спорт
−
21 Февраль 934 1 дақиқа
Марокаш суди Африка кубоги финали пайтида қоидабузарликда айбланган 18 нафар Сенегал мухлисини қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда RMC Sport нашри хабар берди.
Манбага кўра, судланувчилар уч ойдан бир йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Улар безорилик, зўравонлик, жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига нисбатан зўравонлик, спорт инфратузилмасига зарар етказиш, майдонга ноқонуний кириш ва бегона нарсаларни улоқтиришда айбдор деб топилган.
9 нафар мухлисга бир йиллик қамоқ жазоси ва 5 000 дирҳам (тахминан 460 евро) жарима, 6 нафарига олти ойлик қамоқ жазоси ва 2 000 дирҳам (тахминан 180 евро) жарима ва 3 нафарига эса уч ойлик қамоқ жазоси ва 1 000 дирҳам (тахминан 90 евро) жарима жазоси тайинланган.
Прокуратура маълумотларига кўра, айбловлар асосан видеокузатув камералари ёзувлари ҳамда жароҳатланган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва хавфсизлик ходимларининг тиббий маълумотномаларига асосланган.
Хабарларга кўра, етказилган моддий зарарнинг умумий миқдори 370 минг евродан ошган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сенегал терма жамоаси бош мураббийси Пап Тиав Марокашга қарши Африка кубоги финал учрашувидаги хатти-ҳаракатлари учун беш ўйинга дисквалификация қилинган ва 100 минг доллар жаримага тортилганди.
Live
Барчаси