Афғонистон Мудофаа вазирининг уйига ҳужум уюштирилди

Олам

image

Кеча, 3 август куни Афғонистон Мудофаа вазири генерал Бисмилла Хон Муҳаммадийнинг Қобулдаги уйи ёнида портлаш юз берди. Оқибатда 4 киши ҳалок бўлиб, 20 киши яраланди. Бу ҳақда "France Press" ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Қайд этилишича, ушбу портлашни уюштирганлар 4 киши бўлган ва уларнинг ҳаммаси ўлдирилган. Шунингдек, вазир Бисмилла Хон Муҳаммадий ва унинг оила-аъзоларига зарар етмаган.

Маълум бўлишича, дастлаб Мудофаа вазирининг уйи яқинида машина портлатилган, шундан сўнг унинг уйига бир нечта қуролланган одамлар бостириб кирган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 июль куни Қурбон ҳайити намози ўқилаётганда Афғонистон Президенти саройига бир неча ракеталар отилган. Ўшанда снарядлар Президент саройи ёнида портлаганди.

Қайд этиш керакки, ҳозирда Афғонистонда ҳукумат кучлари ва “Толибон” ўртасида ҳарбий ҳаракатлар кетяпти. Кимнинг қўли баланд келиши борасида бир аниқ башорат бериш қийин. Чунки Ўзбекистоннинг жанубий қўшнисидан ҳар куни турли хил хабарлар келмоқда. 

Бир сафар толиблар Афғонистоннинг бирор туманини эгаллагани айтилса, бошқа сафар ҳукумат кучлари ҳаракат аъзоларининг бир қанча жангариларини йўқ қилганини айтмоқда. Жумладан, Афғонистон Миллий мудофаа ва хавфсизлик кучлари бир суткада “Толибон” ҳаракатининг 450 дан ортиқ жангарасини йўқ қилгани ҳақида хабар берган бўлса, июль ойи охирида ҳаракатнинг бир неча қўмондонлари ҳибсга олингани айтилганди. Шу ўринда, мамлакатни тарк этаётган АҚШнинг уринишларини эсдан чиқармаслик керак. Америка Ҳаво кучлари бир неча марта толибларни ҳаводан ўққа тутиб, “Толибон”ни фаол ҳарбий ҳаракатлар олиб бормасликка чақирди. Ўз навбатида, расмий Қобул “Толибон” билан тинчлик ўрнатишга рози эканини маълум қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

159

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг