Афғонистон элчиси “Толибон”ни тан олишга шошилмасликка чақирди 

Олам

image

“Толибон” ҳаракатини қўллаб-қувватловчи давлатлар толибларни тан олишга шошилмаслиги керак ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Афғонистондаги тинчлик жараёнига аралашиши лозим. Бу ҳақда Афғонистоннинг Тожикистондаги элчиси Муҳаммад Зоҳир Агбар маълум қилди.  

“Мен Афғонистонда ўз манфаатлари бўлган кучли давлатлардан “Толибон”ни тан олишга шошилмасликларини сўрайман”, деган элчи. 

Унинг фикрича, БМТ Афғонистондаги тинчлик жараёнига аралашиши керак. 

“Мамлакатимиз халқларининг барча миллий ва диний манфаатлари инобатга олиниб, толиблар инклюзив ҳукумат тузиши ва сайловлар ўтказиши учун БМТ аралашиши керак”, деган дипломат. 

Унинг фикрича, толибларни молиялаштирадиган ва қўллаб-қувватлайдиган давлатлар уларнинг ушбу ваъдалари кафилига айланиши керак.

Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади.

Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Ҳокимиятни "Толибон"га ўтишини таъминлаш учун Мувофиқлаштириш кенгаши тузилиб, унга Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай киритилганди.

Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.

Ҳозирда фақатгина Панжшер вилояти толиблар ҳокимиятини тан олмаяпти. Вилоятда "Толибон"га қарши кучлар йиғилмоқда. Уларга эса машҳур "дала қўмондони" Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қиляпти.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Толибон

Баҳолаганлар

142

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг