Афғон масаласи Москвада кўрилади. Унда Мирзиёевнинг махсус вакили иштирок этади
Олам
−
19 Октябрь 2021
4054Эртага, 20 октябрь куни Россия пойтахтида Афғонистон масаласи бўйича Москва форматига старт берилади. Унда Ўзбекистон томонидан мамлакат Президентининг махсус вакили Исматулла Иргашев бошчилигидаги делегация иштирок этади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Юсуп Қобулжонов маълум қилди.
“Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Иргашев бошчилигидаги мамлакат делегацияси Афғонистон бўйича Москва маслаҳатлашувлари йиғилишида иштирок этишини тасдиқлаймиз”, дейилади хабарда.
Россия ТИВ хабарига кўра, ушбу формат иштирокчилари Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий вазиятнинг ривожланиш истиқболлари ҳамда халқаро ҳамжамиятнинг афғондаги гуманитар инқирозни олдини олиш борасидаги саъй-ҳаракатларини муҳокама қилади. Ушбу форматда 10 та давлатдан келган делегация ҳамда “Толибон” ҳаракати вакиллари иштирок этади.
Москва формати 2017 йилда Россия, Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон, Хитой ва Покистон махсус вакилларининг олти томонлама маслаҳатлашув механизми асосида яратилган.
Маълумот учун, жорий йилнинг 15 август куни мамлакатда ҳокимиятни эгаллаган толиблар, 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлигини тузди. Жорий йилнинг 6 сентябрь куни “Толибон”га бўйсунмай турган ягона вилоят – Панжшер эгаллангач, 7 сентябрь куни ҳаракат раҳбарлари муваққат ҳукуматни шакллантирди.
Қайд этиш керакки, толиблар Афғонистонда ҳокимиятга келгач, чет давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлардан келаётган ёрдам тўхтаб қолди. Бундан ташқари, минглар афғонлар ватанини тарк этди ва бу жараён ҳали ҳам давом этмоқда. Толибларни Афғонистонда тарафдорлари кўплигига шубҳа йўқ, бироқ улар ҳокимиятга келгач кўплаб қийинчиликларга учрамоқда. Айниқса, молиявий томондан йўқотишлар катта.
Шундай бир даврдан жаҳон ҳамжамияти Афғонистонни беэътибор қолдирмоқчи эмас. Бундай хатога дунё етакчилари аввал йўл қўйган. Бунинг оқибатлари айниқса АҚШнинг эсидан чиқмайди. Афғонистон террорчи гуруҳлар уясига айланмаслиги учун жаҳон етакчилари “Толибон” билан ишламоқчи, ҳатто ушбу ҳаракат БМТ томонидан террорчилик ташкилоти, деб тан олинган бўлса ҳам.
LiveБарчаси