Абрамович “Челси”ни сотди 

Спорт 19681
image
-

Россиялик миллиардер Роман Абрамович “Челси” футбол клубини америкалик инвесторлар консорциумига 4,25 миллиард фунт стерлингга сотиш бўйича шартнома имзолади. Бу ҳақда клуб сайтида хабар берилди.  

Қайд этилишича, битимнинг умумий суммасидан 2,5 миллиард фунт стерлинг “Челси” акцияларини сотиб олишга сарфланади. 

“Ушбу тушум 100 фоиз хайрия қилиш мақсадида Буюк Британиядаги музлатилган банк ҳисоб рақамига ўтказилади”, деган Роман Абрамович. 

Баёнотда айтилишича, Буюк Британиядаги музлатилган банк ҳисоб рақамидан пул ўтказиш ҳукуматнинг розилигини талаб қилади. 

Таъкидланишича, янги хўжайинлар клуб ривожига 1,75 миллиард фунт стерлинг миқдорида қўшимча сармоя киритади. Айтилишича, савдо расман якунланишидан олдин америкалик инвестор Буюк Британия ҳукумати ва Англия Премьер-лигасидан рухсат олиши керак. 

“Британия расмийлари клубни сотиш учун янги лицензия бериши керак, чунки эскиси 31 майда тугайди”, дейилган хабарда. 

Қайд этилишича, LA Dodgers бейсбол командаси шериги ва Eldridge Industries асосчиси Тодд Боули консорциумнинг “Челси”даги асосий вакили бўлиши кутилмоқда, аммо энг катта улуш Американинг Clearlake Capital хусусий инвестиция компаниясига тегишли бўлиши ҳам мумкин. 

Абрамовичнинг “Челси”ни сотишга уринаётгани Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан кўп ўтмай маълум бўлди. Март ойи бошида Буюк Британия россиялик миллиардерга қарши санкциялар жорий қилган эди. Роман Абрамовичнинг активларининг музлатилиши унинг клубни сота олмаслигини ва “Челси”нинг қийинчиликларга дуч келишини англатарди. Натижада мамлакат ҳукумати Абрамовичга уни сотиш учун вақтинчалик лицензия берди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 737
Рейтинг: 3
t
×