Абрамович “Челси”ни сотади. Пулларни Украинага ёрдам учун беради

Спорт

image

Россиянинг Украинага ҳужуми ортидан кўплаб рус миллиардерлари катта миқдорда зарар кўришмоқда ёки оғир санкцияларга дуч келяпти. Россиялик тадбиркор Роман Абрамович ҳам Буюк Британия парламенти қистови остида Англиядаги кўчмас мулклари ва Лондоннинг “Челси” футбол клубини сотувга қўйишга мажбур бўлмоқда. Бу ҳақда россиялик тадбиркорнинг ўзи баёнот берди. 

Абрамовичнинг айтишича, у ҳар доим клуб манфаатларидан келиб чиқиб, қарорлар қабул қилган. Унинг кетиши “Челси” ва унга боғлиқ инсонлар учун фойдали бўлади.

“Мен ҳар доим клуб манфаатини кўзлаб қарорлар қабул қилганман. Шу боис, ҳозирги вазиятда клубни сотишга қарор қилдим. Ўйлайманки, ушбу қарорим “Челси” билан боғланган ҳар бир инсон учун манфаатли бўлади. Клубнинг сотилиши тезлаштирилмайди, балки белгиланган тартибда амалга оширилади. Мен қарзлар қайтарилишни сўрамайман. Мен ҳар доим бизнес ёки пул ҳақида ўйламадим, балки ўйин ва клубга бўлган соф иштиёқ билан уни ривожлантиришга ҳаркат қилдим”, деган миллиардер Роман Абрамович.

Миллиардернинг қўшимча қилишича, клубни сотишдан тушга пуллар Украинадаги урушдан жабр кўрганларга ёрдам сифатида берилади.

“Бундан ташқари, мен ўз жамоамга савдодан тушган барча соф даромадларни ҳисоблаб, хайрия жамғармасини яратишни буюрдим. Жамғарма Украинадаги барча жабрдийдаларнинг манфаатларини кўзлаб тузилади. Бу жамғарма ёрдамга муҳтож одамларни қўллаб-қувватлайди. Уларнинг зарур эҳтиёжларини қоплаш учун ишлатилади. Шунингдек урушдан жабр чеккан одамларнинг узоқ муддатли тикланишига ёрдам беради”, деган Абрамович

Россиялик тадбиркорга кўра, “Челси” ва унинг мухлислари доим унинг юрагида бўлишади.

“Билингки, бу жуда оғир қарор бўлди. Бу тарзда клубни тарк этиш мени қийнаяпти. Бироқ, бу клуб манфаатларига мос келишига ишонаман. Умид қиламанки, “Стамфорд Бриж”га охирги марта ташриф буюриб, барчангиз билан шахсан хайрлашаман. “Челси”нинг бир қисми бўлиш бир умрлик шараф эди. Мен биргаликда эришган барча ютуқларимиздан фахрланаман. “Челси” футбол клуби ва унинг мухлислари доим менинг юрагимда бўлишади”,  дея Абрамович ўз баёнотини якунлаган.

Аввалроқ, Роман Абрамович “Челси”ни сотиб олиши мумкин бўлган харидорларнинг таклифини ўрганиб чиқиши ҳақида хабар берган эдик.

 

Маъруф Абдумаликов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

186

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг