Абитуриентларга бирданига учта ОТМга ҳужжат топшириш имкони бериляпти
Жамият
−
23 Февраль 2019
10371Маълумки, бундан бир неча кун аввал Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди. Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникацилар агентлигида ўтаётган матбуот анжуманида Давлат тест маркази директори Мажид Каримов абитуриентларга яратилаётган қулайликлар ҳақида маълумот берди.
Абитуриентларнинг ўқишга кириш имкониятини янада ошириш мақсадида уларга бир вақтнинг ўзида учта бакалавриат таълим йўналишини танлаш ҳуқуқи берилмоқда.
Абитуриентларга янада кенг имконият – уларга амал қилиш муддати уч йил бўлган сертификат берилади. Сертификатдан улар уч йил давомида олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун фойдаланиш мумкин бўлади.
Яхши маълум, бугунгача Ўзбекистонда абитуриентлар фақат битта олий таълим муассасасига ҳужжат топшириши мумкин эди. Бу эса мамлакатда олий таълимга бўлган эҳтиёж йилдан йилга ошишига, кириш балларининг сунъий кўтарилиши, абитуриентлар ўртасида ОТМ, хусусан Давлат тест маркази, тест синовларидаги саволларга ишончсизликка сабаб бўлди.
Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига кириш имконияти тобора камайиб кетгани боис кўплаб ёшлар хорижда ўзини синаб кўришни маъқул деб топди. Ўзбекистонда талаба бўлмаганлар бир вақтнинг ўзида хорижнинг бир неча кўзга кўринган олий таълим муассасаларига қабул қилинганига ҳам гувоҳ бўлдик.
Ўтган йилдан мамлакатда таълим тизимини ислоҳ қилиш, хусусан олий таълим муассасаларига қабул жараёнини соддалаштириш, тест синовларини очиқ, ошкора ва шаффоф тарзда ташкил этишга эътибор қаратилди. Биринчи бор тест синовлари 1-15 август кунлари ташкил этилди. Жавоблар эса имтиҳон ўтган куннинг эртасигаёқ эълон қилинди. Синовлар павильонларда ўтказилиб, уни катта мониторларда ота-оналар кузатиб бориши учун шароит яратилди. Бу йил ҳам бу йўналишда катта ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда.
LiveБарчаси