Абдулла Арипов қозоғистонлик мавқедоши билан учрашди
Жамият
−
15 Март
3649Бугун, 15 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Қозоғистон Республикаси Бош вазири Олжас Бектенов бошчилигида икки мамлакат ҳукумат делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Бош вазир матбуот котиби хабар берди.
Қайд этилишича, учрашувда мамлакатлар ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат руҳида жадал ривожланиб бораётгани таъкидланган. Икки давлат ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада кенгайтириш бўйича ҳукуматлар олдига аниқ вазифалар белгилаб берилгани, буларни бажариш учун биргаликда барча зарур чораларни кўриш лозимлиги қайд этилган.
"Учрашувда Олий даражада эришилган, шу жумладан, товар айирбошлашни ошириш, саноат кооперацияси, транспорт-логистика, энергетика, сув хўжалиги, маданий-гуманитар соҳаларидаги лойиҳаларни илгари суриш борасида эришилган келишувларнинг ижросини тўлиқ таъминлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди", дейилади хабарда.
Қолаверса, икки мамлакат Бош вазирларининг ўринбосарлари ва бошқалар мазкур йўналишларда олиб борилаётган ишлар ҳолати юзасидан маълумот берган. Қозоғистон ҳукумати делегациясининг Ўзбекистонга амалий ташрифи доирасида Тошкент шаҳридаги Божхона расмийлаштируви маркази ва Технопарк фаолияти билан яқиндан танишилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев ҳам Олжас Бектенов билан учрашгани ҳақида хабар қилган эдик.
LiveБарчаси