Аҳолидан қайта ишланадиган чиқинди сотиб олинади
Жамият
−
29 Март
8459Эндиликда кўп қаватли хонадонларда аҳолини чиқиндини саралаган ҳолда шохобчага олиб боришга рағбатлантирадиган тизим жорий этилади. Бу ҳақда бугун, 29 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида баҳорги экиш мавсумини ташкил қилиш ва чиқиндиларни бошқаришни такомиллаштириш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Экология жамғармаси ҳисобидан аҳолига махсус чиқинди пакетлари бепул берилади, аҳоли чиқиндини қайта ишланадиган, қайта ишланмайдиган ва органик тоифага ажратиб, шохобчага олиб боради. Тадбиркор эса қайта ишланадиган фойдали чиқиндини аҳолидан сотиб олади. Ушбу тизим дастлабки босқичда Тошкент, Андижон, Бухоро, Термиз, Ангрен шаҳарлари ва Тошкент туманида йўлга қўйилиши белгиланди.
Чиқинди полигонларини тартибга келтириш ва чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича ҳам янги тизим ташкил этилиши белгиланди. Мавжуд 194 та полигондан ресурсини ўтаб бўлганлари ёпилади. Ҳар бир вилоятда 3-4 тадан чиқинди полигони махсус эко-саноат зонасига айлантирилади ҳамда уларда қайта ишлаш ва ёқиш лойиҳалари амалга оширилади.
Қолган полигонларда чиқиндини вақтинча тўплаб, қайта юклайдиган станциялар ишга тушади. Улар эко-саноат зонасини кафолатланган чиқинди массаси билан таъминлашга хизмат қилади. Мутасаддиларга инвестор топиб, ўз ҳудудида камида биттадан чиқиндини ёқиш заводи қуриш лойиҳасини бошлаш топширилди.
Шунингдек, тадбиркорлар инвестиция мажбуриятини тўлиқ бажариши учун чиқинди учун тўлов интизоми масаласини узил-кесил ҳал қилиши лозим бўлади. Чиқинди хизмати билан барча корхона ва ташкилотларни қамраб олиш муҳимлиги таъкидланди.
Ҳар бир вилоятдаги 2 тадан, жами 26 та туманда тажриба тарзида ободонлаштириш бошқармалари вазифалари хусусий шериклик асосида чиқинди корхоналарига ўтказилади. Бунда, тадбиркорлар ўзига бириктирилган ҳудудда дарахт ва гуллар экиш, уларни парваришлаш, ариқларни тозалаш, кўчаларни ёритиш билан бирга чиқиндиларни олиб кетиш билан ҳам шуғулланади. Бир сўз билан айтганда, тадбиркорлар тумандаги умумий ободонлаштириш билан шуғулланади ва шунга яраша ҳақ олади. Йил якунигача янги тажрибани синовдан ўтказиб, 2025 йилдан барча туман ва шаҳарларда йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, “Маҳалла еттилиги”га ҳудудида аслида кўрсатилмаган хизмат бўйича нореал қарзни ҳисобга олмаслик ваколати берилади. Бу орқали хизмат кўрсатилмаган ҳудуд учун ҳам дебитор қарздорлик ёзиб қўйишдек адолатсиз амалиётга чек қўйилади.