Аҳоли фойдаланаётган ерларини хусусийлаштириши учун тўлов камайтирилади
Жамият
−
30 Ноябрь 2022
15582Аҳоли ўзи фойдаланиб келаётган ерларни хусусийлаштириши учун ундириладиган тўлов миқдори камайтирилади. Бу ҳақда бугун, 30 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ерларни аукцион орқали сотишни соддалаштиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишиши чоғида айтиб ўтилди.
Аҳоли ўзи фойдаланиб келаётган ерларни хусусийлаштириши мумкинлиги яхши имконият. Ҳозирда бунинг тўлови йиллик ер солиғининг 20 баравари миқдорида. Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда берган кўрсатмаларига мувофиқ, бу қиймат Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида ер солиғининг 10 баравари, бошқа ҳудудларда 5 баравари миқдорида белгиланмоқда.
Тақдимотда қайд этилишича, амалдаги ишлар таҳлили ерларни хусусийлаштирин тизимида айрим камчиликлар борлигини кўрсатгаан. Масалан, аукционга чиқариш таклиф этилган 12 мингтадан зиёд участка қишлоқ хўжалиги ерларида ёки муҳофаза ҳудудида жойлашганлиги аниқланган. Бўш ер участкалари “Yerelektron” ахборот тизимига фақат қурилиш бўлимлари томонидан киритилаётгани сабабли, ҳамма бўш ерларни топиш жараёни тўлиқ қамраб олинмаяпти. Шу боис бу ишларни ҳудудий қурилиш бўлимлари ва кадастр органлари биргаликда амалга ошириши таклиф этилмоқда.
Амалиётда қийинчилик туғдираётган яна бир муаммо – ерларни аукционга чиқариш босқичлари кўплиги. Ҳозирги кунда бу 13 та босқичдан иборат бўлиб, ижара ҳуқуқи билан ер олишда 48 иш куни, мулк ҳуқуқида 74 иш кунигача вақт кетмоқда. Шу боис ерни аукционга чиқариш босқичларини 8 тага тушириб, муддатларини тегишлича 16 ва 22 иш кунигача қисқартириш мумкинлиги айтилди.
Айрим шаҳарчаларнинг бош режаси йўқлиги ҳам жараённи секинлаштирмоқда. Шунинг учун бундай жойларда ерларни ҳудудий архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши билан келишган ҳолда, мастер-режа асосида аукционга чиқариш таклифи билдирилди.
Кичик саноат зоналарининг ҳудуди эса аниқ. Шу боис улардаги ерларни бош режада назарда тутилган лотларга мувофиқ, содда тартибда тадбиркорларга бериш зарурлиги таъкидланди.
Давлат раҳбари таклиф этилган чора-тадбирларни маҳқуллаб, аҳоли ва тадбиркорларга енгиллик яратиш, ерлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича қўшимча топшириқлар берди.
LiveБарчаси