5 нафар босниялик альпинист Россия тоғларида ҳалок бўлди

Олам

image

Россиянинг Эльбрус тоғида кучли бўрон оқибатида 5 нафар босниялик альпинист ҳалок бўлди. Об-ҳаво ноқулайлиги сабабли улардан 3 нафарининг жасади ҳали тоғдан олиб тушилмаган. Бу ҳақда RIA Novosti Россия расмийларига таяниб хабар берди.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилар денгиз сатҳидан 5 350 метр баландликда 2 нафар ҳалок бўлган альпинистнинг жасадини эвакуация қилганини маълум қилган. Бундан аввал эса 2 нафар тирик қолган альпинист қутқарилиб, тиббий ёрдам учун шифохонага олиб кетилган.

Россия Тергов қўмитасининг минтақавий бошқармаси қутқарувчилар яна 3 нафар ҳалок бўлган альпинистнинг жасадини топганини, аммо ёмон об-ҳаво туфайли уларни ҳозирча эвакуация қилиш имкони бўлмаётганини билдирган.

Россия расмийлари ҳалок бўлганларнинг фуқаролигини очиқламаган бўлса-да, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари нашрга улар Босния ва Герцеговина фуқаролари эканини маълум қилган.

Баландлиги 5 642 метр бўлган, Грузия чегарасининг шимолида жойлашган Эльбрус тоғи об-ҳаво ва тоғга чиқиш шароитининг кескин ўзгариши билан машҳур.

Босния оммавий ахборот воситаларининг хабар қилишича, етти кишидан иборат альпинистлар гуруҳи мамлакатнинг Зеница шаҳри аҳолиси бўлган. Улар орасида турмуш қурган жуфтлик ҳамда маҳаллий шифохонада ишловчи аёл шифокор ҳам бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ непаллик шерпа (тоғ йўлбошловчиси) Эверестда овқатсиз ва қўшимча кислородсиз олти кун қолиб кетиб тирик қолганди. 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг