Жомбойда 40 нафар педагогда коронавирус аниқланди
Жамият
−
11 Сентябрь 2020
11341Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида 40 нафар мактаб ўқитувчида коронавирус аниқланди. Бу ҳақда бугун, 11 сентябрь куни халқ депутатлари Жомбой туман кенгашининг навбатдаги сессиясида айтиб ўтилди.
Сессияда мактаб ва мактабгача таълим муассасаларини санитар талабларга мувофиқ бирламчи воситалар билан таъминлаш, дезинфекция ишларини ташкил этиш, янги ўқув мавсумига тайёргарлик ҳолатини муҳокама қилиш ва таълим муассасалари фаолиятини тиклаш масалалари кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, бугун тумандаги 56 та умумтаълим мактабида 32 349 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Янги ўқув йилида 3 568 нафар бола 1-синфга қабул қилинган.
“Янги ўқув йилига тайёргарлик доирасида 48 та мактаб жамоаси тиббий текширувлардан ўтказилди. Жараёнга 1934 нафар ўқитувчи қамраб олинди. Афсуски, дастлабки натижалар 40 нафар педагогда “COVID-19” инфекцияси мавжудлигини тасдиқлади. Яна 28 та мактаб ўқитувчиларидан олинган тест натижалари кутилмоқда. Хасталикка чалинган ходимлар таълим жараёнига жалб этилмайди. Улар онлайн тарзда иш фаолиятини давом эттириши мумкин”, деган сессияда қатнашган Жомбой туман халқ таълими бўлими мудири З.Юсупова.
Шунингдек, ахборотда айтилишича, мактабларда оралиқ масофани сақлаш, ўқувчиларни зарур тиббий воситалар билан таъминлаш чоралари кўрилган. Ҳар бир муассасада алоҳида тиббиёт хонаси ташкил этилган. Уларда тиббиёт бирлашмасидан бириктирилган ҳамширалар фаолият юритади.
Сессияда сўнгги кунларда коронавирусга чалинганлар сонининг ортишидан келиб чиқиб, янги ўқув йилини тумандаги иккита – 34 ва 38-умумтаълим мактабларида 14 сентябрдан эмас, 16 сентябрдан тажриба-синов сифатида бошлаш таклиф қилинган.
Шунингдек, COVID-19 аниқланмаган 12 та мактабда дарсларни 21 сентябрдан тегишли кетма-кетликда бошлаш мавзуси кун тартибига қўйилди. Қолган мактаблар фаолиятини тиклаш вазиятдан келиб чиқиб ҳал қилиниши тавсия этилган.
Сессияда туман Мактабгача таълим бўлими мудири Д.Облоқулова ҳудуддаги болалар боғчалари фаолиятини 14 сентябрдан тиклашни таклиф қилган.
Депутатлар томонидан ахборотда айнан қайси МТМлар мавсумга тайёр эканига ойдинлик киритилмагани танқид қилинди. Шунингдек, бу борада ўтказилган сўровномага кўра, 44,7 ота-оналарнинг розилик билдириши қарор қабул қилиш учун камлик қилиши айтилган.
Сессияда мактабларда янги ўқув йилини 16 сентябрдан босқичма-босқич тарзда бошлаш таклифи маъқулланди. Туман МТТ мудирининг ахбороти депутатлар томонидан рад этилди ва кейинги сессияларда қайта кўриб чиқилиши белгиланган. Жомбойдаги боғчалар ҳозирча очилмайдиган бўлди.