4 йилдан бери қидирувда бўлган ўзбекистонлик қиз Туркияда ушланди
3-саҳифа
−
21 Декабрь
49768Туркияда ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда тўрт йилдан бери қидирувда бўлган 26 ёшли Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу қиз Туркия ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида ушланган. У ўғрилик жиноятини содир этганликда айбланиб, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари томонидан 2020 йилдан буён қидирувда бўлган.
1998 йилда туғилган Гулруҳхон Акмалжон қизи Эркинова Тошкент шаҳрига депортация қилинган.
Хабарда ушбу шахснинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ёки Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ёхуд ички ишлар органларининг қуйи ҳудудий бўлинмаларига мурожаат қилиш сўралган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2011-2013 йилларда банк-молия хусусий секторида юқори лавозимларда ишлаган Хатича Мусоевна Жафарова Туркияда қўлга олиниб, Ўзбекистонга депортация қилинганди. Ушбу собиқ мансабдор жиноий уюшма ташкил этиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, ўзгаларнинг мулкини жуда кўп миқдорда ўзлаштириш, фирибгарлик, сохта тадбиркорлик каби бир қатор жиноятларни содир этганликда айбланиб, 2014 йилдан буён қидирувда бўлган.
LiveБарчаси