39 давлат Украинадаги жиноятларни тергов қилиш талаби билан ХЖСга мурожаат қилди
Олам
−
03 Март 2022
6248Халқаро жиноий суд (ХЖС) прокурори Карим Хон 39 давлатнинг мурожаатидан сўнг Украинадаги вазият бўйича тергов бошланганини эълон қилди.
“Халқаро жиноий суд прокуратураси Украина ҳудудида содир этилган эҳтимолий жиноятлар юзасидан тергов бошлади”, дейилади прокурор Карим Хон ёзма баёнотида.
Хоннинг сўзларига кўра, ХЖСга аъзо бўлган 39 давлат прокурордан Украинадаги вазиятни текширишни сўраган. Прокурор геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар далилларини тўплаш бўйича ишлар бошланганини таъкидлади
Россия ва Украина Халқаро жиноий судга аъзо бўлмаганига қарамай, 39 давлатдан келган мурожаатлар прокуратурага Украинанинг исталган ҳудудида содир этилган эҳтимолий ҳарбий жиноятлар, инсониятга қарши жиноятлар ва геноцидлар юзасидан тергов бошлаш имконини беради.
Рим низомини ратификация қилмаган Украина, аввалроқ 2013 йил 21 ноябрдан буён ўз ҳудудида содир этилиши мумкин бўлган жиноятлар устидан суд юрисдикциясини тан олиш тўғрисида иккита ариза берган эди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 февраль куни Украина Россияга қарши даъво аризаси билан Гаагадаги Халқаро судга расман мурожаат қилганди. 7-8 март куни ХЖС Украинанинг Киев геноцидда айблаётган Россияга нисбатан вақтинчалик чоралар кўриш талабини кўриб чиқади.
Халқаро Суд Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) асосий суд органи ҳисобланади. У Гаагадаги (Нидерландия) Тинчлик саройида жойлашган бўлиб, 1946 йилдан бери фаолият юритади ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ давлатлар ўртасидаги ҳуқуқий низоларни ҳал қилади.
Давлатлар ўртасидаги низоларни кўриб чиқишда суд очиқ суд мажлисларини ўтказади, унда тарафларнинг вакиллари ва адвокатлари сўзга чиқади, сўнгра ишни ёпиқ мажлисларда муҳокама қилади ва қарор чиқаради. Ушбу қарор якуний ҳисобланади ва шикоят қилиниши мумкин эмас. Агар жараёнда иштирок этаётган давлатлардан бири унга риоя қилмаса, иккинчи томон БМТ Хавфсизлик Кенгашига мурожаат қилиши мумкин.
1946 йилдан бери суд қуруқлик ва денгиз чегаралари, ҳудудий суверенитет, куч ишлатмаслик, халқаро гуманитар ҳуқуқни бузмаслик, давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, дипломатик муносабатлар, гаровга олиш, бошпана ҳуқуқи, фуқаролик, васийлик, халқаро бўғозлардан тинч ўтиш ҳуқуқи ва иқтисодий ҳуқуқларга оид низолар бўйича 139 та ҳукм чиқарган.
Бироқ, Халқаро Суд низони фақат манфаатдор давлатлар унинг юрисдикциясини, шу жумладан баҳсли масалада тан олган тақдирдагина кўриб чиқиши мумкин.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь