30 йил кимларни сайладик ёхуд Каримовнинг 25 йиллик муваффақияти сири нима эди?

Таҳлил 57421
image
-

Ўзбекистонда навбатдаги Президент сайлови бўлиб ўтишига саноқли кунлар қолди. Жорий йилнинг 24 октябрь куни бутун дунё нигоҳи Ўзбекистонда ўтадиган Президент сайловига қаратилади. Шу кунларда мамлакатнинг 30 йиллик мустақиллик тарихида ўтган Президент сайловларини ёдга олиш айни муддао. 

1991 йилдаги Президент сайлови 

Ўзбекистон тарихида президентлик лавозими 1990 йилда жорий этилди. У вақтларда мамлакат ҳали СССР мустамлакаси остида эди. 1990 йил 24 март куни Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг сессиясида Ислом Каримов Ўзбекистон ССР Президенти этиб сайланди.

1991 йилнинг 31 август куни Ўзбекистон ССР Президенти Ислом Каримов мамлакатнинг мустақиллигини эълон қилди. Шу йилнинг 29 декабрига келиб, Ўзбекистонда илк бор муқобиллик асосида умумхалқ сайлови ўтказилди. 

Биринчи Президент сайловида икки номзод иштирок этди. Булар – Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ислом Абдуғаниевич Каримов ва “Эрк” демократик партиясидан Муҳаммад Солиҳ. Овоз бериш жараёнларида сайловчиларнинг 94,2 фоизи ёки 9,9 миллиони иштирок этган. Натижаларга кўра, 8 514 136 та овоз ёки умумий сайловларнинг 87,1 фоизи қўллаб-қувватлаши билан Ислом Каримов мамлакатнинг Биринчи Президенти сифатида ғалаба қилган. 

Ушбу сайловда сайловчиларнинг 1 220 474 нафари ёки умумий овоз берувчиларнинг 12,5 фоизи Каримовнинг рақиби Муҳаммад Солиҳ номзодига овоз берган эди. 

Мазкур сайловда икки номзодни ҳам ёқламай, қарши овоз бериш имконияти мавжуд бўлган. Бундан  36 525 киши фойдаланган. 129 823 бюллетен эса ҳақиқий деб топилмаган

1995 йил 26 мартда президент ваколати муддатини 4 йилга узайтириш бўйича умумхалқ референдуми бўлиб ўтади. Референдумда иштирок этганларнинг 99,6 фоизи Каримовнинг ваколатларини яна 4 йилга узайтиришни қўллаб-қувватлайди. 0,4 фоиз сайловчи бюллетендаги “йўқ” жавобига қайд  қўяди. Натижаларга кўра, Президент ваколати 2000 йилгача узайтирилади. 

2000 йилдаги Президент сайлови 

1999 йил 16 февраль куни Президент Ислом Каримовга нисбатан уюштирилган суиқасддан бир йил ўтар-ўтмас, 2000 йилнинг 9 январь куни Ўзбекистонда навбатдаги Президент сайлови бўлиб ўтди. 

Ушбу сайловда рўйхатга олинган 12 миллион 746 минг 903 сайловчидан, 12 миллион 123 минг 199 нафари иштирок этди. Бу эса рўйхатга олинган сайловчиларнинг умумий миқдорининг 95,1 фоизини ташкил этади. Аҳамиятлиси шундаки, Ўзбекистонда ўтказилган сайловлардаги энг юқори иштирок кўрсаткичи айнан ушбу сайловда қайд этилган. 

Сайловда икки номзод президентлик учун кураш олиб борди. Мамлакатнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов номзоди “Фидокорлар” миллий демократик партиясидан кўрсатилади. Сайловда Каримов номзодини ёқлаб 11 миллион 147 минг 621 сайловчи ёки сайловчиларнинг 91,9 фоизи овоз берди. Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзоди Абдулҳафиз Жалоловга 505 минг 161 сайловчи ёки сайловчиларнинг 4,71 фоизи овоз берди. 470 417 бюллетен ҳақиқий эмас деб топилган.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 35-моддасига мувофиқ Марказий сайлов комиссияси Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланганлиги тўғрисида қарор қабул қилди.

2007 йилдаги Президент сайлови 

2007 йилда ўтказилган референдумга кўра, Президент ваколати муддати 7 йилга узайтирилади ва у амалдаги давлат раҳбари ваколат муддатига тадбиқ этилади. Шу боис кейинги Президент сайлови 2007 йилнинг 23 декабрь куни бўлиб ўтади. 

Ушбу сайловда 16 млн 297 минг 400 нафар сайловчи рўйхатга олинди. Шундан 14 млн 765 минг 444 нафари ёки 90,6 фоизи овоз беришда иштирок этди. 

4 номзод Президентлик учун кураш олиб борди. Улар орасида илк аёл номзод – Дилором Тошмуҳамедова ҳам бор эди. 

Сайлов натижаларига кўра, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Ислом Абдуғаниевич Каримовга 13 миллион 8 минг 357 нафар сайловчи ёки сайловда иштирок этган сайловчилар умумий сонининг 88,1 фоизи овоз берди. Сайловда:

•    Ўзбекистон Халқ-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Аслиддин Ашурбоевич Рустамовга 468 минг 64 нафар сайловчи ёки овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 3,17 фоизи;

•    сайловчилар ташаббускор гуруҳидан кўрсатилган номзод Акмал Холматович Саидовга 420 минг 815 нафар сайловчи ёки овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 2,85 фоизи;

•    “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Дилором Ғофуржоновна Тошмуҳамедовага 434 минг 111 нафар сайловчи ёки овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 2,9 фоизи овоз берди.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 14, 35-моддаларига мувофиқ Марказий сайлов комиссияси Ислом Абдуғаниевич Каримовни Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланди, деб ҳисоблаш ҳақида қарор қабул қилди.

2015 йилдаги Президент сайлови

Ислом Каримовнинг навбатдаги президентлик ваколати муддати аслида 2014 йилнинг декабрь ойида тугаши керак эди. Бироқ, шу йилнинг декабрь ойида парламент сайлови ҳам бўлиб ўтиши муносабати билан Президент сайлови парламент сайлови натижалари эълон қилингандан сўнг, уч ой ичида бўлиб ўтиши белгиланган. Шунга кўра, навбатдаги Президент сайлови 2015 йилнинг 29 март куни ўтказилган. 

Сайловда сайловчилар рўйхатига киритилган 20 миллион 798 минг 52 кишидан 18 млн 942 минг 349 нафар сайловчи овоз беришда иштирок этган. Бу рўйхатга киритилган сайловчилар умумий сонининг 91,08 фоизини ташкил этади.

Овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 17 млн 122 минг 597 нафари ёки 90,39 фоизи Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Ислом Абдуғаниевич Каримовни ёқлаб овоз берган. Сайловда: 

•    Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан кўрсатилган номзод Акмал Холматович Саидовга – 583 минг 309 нафар сайловчи ёки сайловчиларнинг 2,92 фоизи;

•    Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзод Ҳотамжон Абдураҳмонович Кетмоновга 552 минг 309 нафар сайловчи ёки сайловчиларнинг 2,92 фоизи;

•    “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Наримон Мажитович Умаровга 389 минг 24 нафар сайловчи ёки сайловчиларнинг 2,05 фоизи овоз берган.

Президент Каримовнинг 25 йил давомида кетма-кет сайланиб келингани ҳамон баҳсларни келтириб чиқаради. Ҳолбуки, мамлакатда ҳар жиҳатдан муаммолар тўпланиб қолган эди. Бюрократия, коррупция, болалар ва ижтимоий соҳа ходимлари мажбурий меҳнати, иқтисодий муаммолар қалашиб ётганига қарамай, Ислом Каримов халқ ишончини қандай қозонолгани ҳамон сир. 

2016 йилдаги Президент сайлови 

Маълумки, 2016 йилнинг 2 сентябрь куни 28 йил давомида Ўзбекистонни бошқариб келган Президент Ислом Каримов вафот этди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш 2016 йилнинг 4 декабрига белгиланди. 

Сайловда сайловчилар рўйхатига киритилган 20 миллион 461 минг 805 нафар сайловчидан 17 миллион 951 минг 667 нафари иштирок этди. Бу рўйхатга киритилган сайловчиларнинг 87,73 фоизини ташкил қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг натижаларига кўра, “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод Сарвар Садуллаевич Отамуротовни ёқлаб 421 минг 55 нафар сайловчи ёки овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 2,35 фоизи овоз берди. 

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Миромонович Мирзиёевни ёқлаб 15 миллион 906 минг 724 нафар сайловчи ёки овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 88,61 фоизи овоз берди. 

Халқ демократик партиясидан номзод Ҳотамжон Абдураҳмонович Кетмоновни ёқлаб 669 минг 187 нафар сайловчи ёки сайловчиларнинг 3,73 фоизи овоз берди. 

“Адолат” социал-демократик партиясидан номзод Наримон Мажитович Умаровга эса 619 минг 972 нафар сайловчи ёки сайловчиларнинг 3,46 фоизи овоз берди. 

Шундай қилиб, натижаларга асосан 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Миромонович Мирзиёев ғолиб чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90, 117-моддаларига, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14, 35, 36-моддаларига “Ўзбекистон Республикаси Марказий Сайлов комиссияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 5, 9-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Шавкат Миромонович Мирзиёевни Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланган деб ҳисоблаш тўғрисида қарор қабул қилди. 

Жорий йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтиши кутилаётган Президент сайловига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Шавкат Мирзиёев, Халқ демократик партиясидан Мақсудова Ворисова, Экологик партияси Нарзулло Обломуродов, “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Алишер Қодиров, “Адолат” социал-демократик партиясидан Баҳром Абдуҳалимов номзодлари илгари сурилган.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1434
Рейтинг: 3
t
×