3 та ҳудудда 20 килодан ортиқ наркотикни сақлаганлар ушланди (видео)

3-саҳифа

image

Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жами 20,2 кг наркотик моддалар мусодара қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона идоралари ходимлари ҳамкорлигида Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Тошкент шаҳрида яшовчи, 1984 йилда туғилган фуқаро муқаддам наркокурьерлар томонидан Оҳангарон туманидаги дала майдонига яшириб кетилган 4 кг 935 гр “Альфа-ПВП” синтетик гиёҳвандлик воситасини олган вақтида ушланган. 

Аниқланишича, интернет-наркодўконнинг “омборчи” лавозимидаги ишчиси ҳисобланган мазкур шахс кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини “закладка” усулида яшириб кетилган локациялардан олиш ва қисмларга ажратган ҳолда, республиканинг турли вилоятларига етказиб бериш билан шуғулланган. 

ДХХ ходимлари томонидан Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса Олмазор туманида истиқомат қилувчи, 1981 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс тўхтатилиб, унинг қўлидаги 1 дона хўжалик қопи холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унда 9 кг 829 гр “гашиш” моддаси борлиги маълум бўлган ва ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган. 

Қашқадарё вилоятида қайд этилган ҳолатда Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида, Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи, 1959 йилда туғилган фуқаронинг яшаш хонадони тегишли тартибда кўздан кечирилган. Натижада у муқаддам қўшни давлатларнинг биридан олиб келинган 4 кг 652 гр “опий”, 380 гр “гашиш” ва 492 гр “марихуана” гиёҳвандлик воситаларини келгусида мижозларга сотиш мақсадида сақлаб келаётгани маълум бўлган. 

Ҳозирда ҳар учала ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси (Контрабанда) 2-қисми ва 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий вилоятининг Конимех туманида 1200 дона таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган воситаларни 6,9 млн сўмга сотаётган шахс ушланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

марихуана гашиш наркотик опий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг