26 декабрда Қуёш тутилади
Бу қизиқ
−
18 Декабрь 2019
10840Жорий йилнинг 26 декабрь куни ҳалқасимон Қуёш тутилиши юз беради. Ушбу астрономик ҳодисани Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида қисман Қуёш тутилиши шаклида кузатиш мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси маълум қилди.
Ҳалқасимон Қуёш тутилиши Қуёш юзасининг маркази Ой томонидан тўсилганида соя атрофида ингичка ёруғ ҳалқа ҳосил бўлишидир. Қуёш тутилишининг ҳалқасимон бўлиши Ой ва Ер орасидаги масофанинг одатдагига нисбатан каттароқ бўлиши билан изоҳланади. Ой Ерга қанчалик яқин пайтда тутилиш бўлса Қуёшнинг шунчалик катта қисми тўсилади.
Ушбу ҳалқасимон Қуёш тутилишини Саудия Арабистони, Ҳиндистоннинг жанубий ҳудудлари ва Индонезия давлатларининг аҳолиси тўлиқ кузатиш имкониятига эга бўлади. Тутилишнинг тўлиқ фазасида Ой ва Қуёш юзаларининг нисбати 0.960 ташкил қилади, яъни Ой Қуёш юзасининг 96 фоизини тўсади.
Ушбу Қуёш тутилиши Тошкент вақти билан 08:00 да бошланади, максимум фазаси эса 09:00 да кузатилади. Шу пайтда Ой Қуёш диаметрининг 38 фоизини тўсади ва Қуёшнинг горизонтдан баландлиги 10.1 ёй градусни ташкил қилади. Тошкент шаҳрида Қуёш тутилишининг умумий давомийлиги 2 соату 6 дақиқани ташкил этади. Ушбу муддатлар фақат Тошкент шаҳри учун ҳисобланган.
Республиканинг энг жанубий ҳудуди Термиз шаҳрида Қуёш тутилиши 07:50 да бошланади, максимум фазаси эса 08:54 да кузатилади. Шу пайтда Ой Қуёш диаметрининг 48 фоизини тўсади ва Қуёшнинг горизонтдан баландлиги 10.8 ёй градусни ташкил қилади. Термиз шаҳрида Қуёш тутилиши 10:06 да якунланади ва тутилишнинг умумий давомийлиги 2 соат-у 16 дақиқани ташкил этади.
Республиканинг ғарбий ҳудуди Нукус шаҳрида Қуёш тутилиши 07:55 да бошланади, лекин Қуёш 08:31 дақиқа ўтганда горизонтдан кўтарилади, яъни тонг отади. Қуёш тутилишнинг максимум фазаси эса 08:54 да кузатилади. Шу пайтда Ой Қуёш диаметрининг 45 фоизини тўсади ва Қуёшнинг горизонтдан баландлиги 2.8 ёй градусни ташкил қилади. Нукус шаҳрида Қуёш тутилиши 09:59 да якунланади ва тутилишининг умумий давомийлиги 2 соат-у 3 дақиқани ташкил этади.
“Шу ўринда айрим кўрсатмалар ва маслаҳатлар бериб ўтамиз. Қуёш тутилишини махсус Қуёш нурини ютувчи қора кўзойнак, қорамтир текис шиша ёки пайвандлаш (сварочная) маскаси ёрдамида кузатиш мумкин”, дейилади ФА хабарида.