25 октябрда Қуёш тутилади
Жамият
−
22 Октябрь 2022
25790Жорий йилнинг 25 октябрь куни Ер юзи аҳолиси қизиқарли астрономик ҳодисалардан бири – қисман Қуёш тутилишини кузатиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Мирзо Улуғбек номидаги Астрономия институти маълум қилди.
Қайд этилишича, тутилишнинг тўлиқ фазасида Қуёш юзасининг деярли 82 фоизини тўсади. Қуёш тутилишининг умумий давомийлиги 4 соатдан ортиқроқ бўлиб, Ўзбекистонда унинг 2 соатдан зиёдроқ қисми кузатилади.
Ушбу астрономик ҳодисани Исландия ва Гренландия ороли, Африканинг шимоли-шарқий қисми, Европа, Яқин Шарқ, Ғарбий Сибир ва Ўрта Осиё мамлакатлари аҳолиси кузатиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг ҳамма ҳудудида қисман Қуёш тутилиши деярли бир хил катта фазада кузатилади. Максимум фазада Қуёш юзасининг 68 фоизигача бўлган қисми Ой томонидан тўсилади. Қуёшнинг ботиб кетиши туфайли баъзи ҳудудларда тутилишнинг умумий давомийлиги амалда камроқ бўлади.
Ўзбекистон аҳолиси қуйидаги жадвал асосида тутилишни кузатиши мумкин.
Қуёш тутилиши Тошкент вақти билан 15:23 да бошланиб, максимал фазаси 16:34 га тўғри келади. Шу пайтда Ой Қуёш юзасининг 68 фоизини тўсади ва бу вақтда Қуёшнинг горизонтдан баландлиги 21 даражани ташкил қилади. Тошкент шаҳрида Қуёш тутилишининг умумий давомийлиги 2 соат 4 дақиқани ташкил этади. Соат 17:38 да Қуёш тутилиши якунланади, бироқ Қуёшнинг ботиш вақти 17:27 га тўғри келади.
Қисман Қуёш тутилиши деб Қуёш юзасининг маълум бир қисми Ой томонидан тўсилиш ҳолатига айтилади. Қуёш тутилишининг қисман бўлиши Ой ва Қуёш марказларининг устма-уст тушмасдан тўсилиши билан изоҳланади.