Ўзбекистонликлар 10 июнда ноёб астрономик ҳодисага гувоҳ бўлади

Бу қизиқ

image
0:00
0:00
download

Жорий йилнинг 10 июнь куни ноёб астрономик ҳодиса – ҳалқасимон Қуёш тутилиши содир бўлади. Бу Қуёш тутилиши 2021 йилдаги Ўзбекистон аҳолиси кузатиши мумкин бўлган биринчи тутилиш ҳисобланади. Бу ҳақда Улуғбек номидаги Астрономия институти маълум қилди.

Ушбу Қуёш тутилишини Ўзбекистон ҳудудидан кузатилганда, Ой Қуёш юзасининг жуда кичик қисминигина тўсади, яъни фақат қисман Қуёш тутилишини кузатиш мумкин. Қуйидаги жадвалда Ўзбекистон аҳоли пунктлари учун тутилиш ҳақида маълумотлар келтирилган:

Ушбу тутилиш Ҳалқасимон Қуёш тутилиши ҳисобланиб, тутилишнинг тўлиқ фазасида (Канада, Гренландия ва Россия Узоқ Шарқида) Қуёш юзасининг 94,3 фоизини ташкил қилади. Қуёш тутилиши тўлиқ фазасининг давомийлиги 3 минут 51 секундга тенг бўлади.

Россия, Канада, Мўғилистон ва Гренландия оролларида тўлиқ тутилишни кузатиш мумкин. Шунингдек, Шимолий Aмерика, Европа ва Осиё давлатларида қисман Қуёш тутилишини кузатиш мумкин.

Қуёш тутилиши (Тошкент вақти билан)

Қуёш тутилиши Тошкент вақти билан 16:58 да бошланади, максимум фазаси эса 17:26 да кузатилади. Шу пайтда Ой Қуёш юзасининг 2,12 фоизиини тўсади ва бу вақтда Қуёшнинг горизонтдан баландлиги 25,2 даражани ташкил қилади. Тошкент шаҳрида Қуёш тутилишининг умумий давомийлиги 55 дақиқани ташкил этади. Соат 17:53 да Қуёш тутилиши якунига етади. Ушбу қийматлар фақат Тошкент шаҳри учун ҳисобланган бўлиб, тутилишнинг бошланиши, максимал қиймати ва тугаши мамлакатнинг бошқа ҳудуларида ҳам шунга яқин вақт ва қийматларни акс этган ҳолда юз беради.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон аҳолиси кузатиши мумкин бўлган навбатдаги Қуёш тутилиши 2022 йилнинг 25 октябрь куни содир бўлиши кутилмоқда. 2022 йилнинг 25 октябрда содир бўладиган Қуёш тутилишида ҳам Ўзбекистон аҳолиси қисман Қуёш тутилишини кузатиш имконига эга бўлади. Ушбу Қуёш тутилишида тўсилиш магнитудаси 75 фоизга етади.

Қуёш тутилишини кузатишга оид эслатмалар ва тавсиялар:

Қуёш тутилишини махсус Қуёш нурини ютувчи қора кўзойнак, қорамтир текис шиша ёки пайвандлаш (сварочная) маскаси ёрдамида кузатиш мумкин.

Оптик қурилмалар - дурбин ёки телескоплардан фойдаланиб зинҳор Қуёшга қараманг! Бу кўзга зарар етказади. Қурилмалардан фойдаланишдан аввал уларга, албатта, махсус Қуёш филтрларини ўрнатиш керак.

Қуёш тутилишини оптик асбоблар ёрдамида маълум бир экранга проекциялаш орқали ҳам кузатиш мумкин. Лекин бу ҳолат узоқ давом этса, оптик асбоблар қуёш нурини йиғиб берганлиги учун қизиб кетиши ва оптик қисмларига зарар етказиш эҳтимоли катта ҳисобланади.

Қуёш тутилишини энг хавфсиз ва қулай кузатиш усуллардан бири бу картон қоғозда кичик тирқиш ҳосил қилиб, Қуёш нурини ушбу тирқишдан ўтказиб иккинчи картон қоғозга (экранга) проекциялашдир.


Мақола муаллифи

Теглар

Қуёш тутилиши

Баҳолаганлар

262

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг