Диққат! Август ойида осмонда ноёб ҳодиса содир бўлади
Interesting
−
06 August 4126 2 minutes
Жорий йилнинг 12 август куни Қуёш тутилиши, Персеид метеор оқимининг энг фаол палласи, Венеранинг ноёб ҳолати ва Сомон йўлининг энг яхши кўриниши бир вақтга тўғри келиб, осмон кузатувчилари учун сўнгги йиллардаги энг ноёб астрономик ҳодисалардан бирига айланиши мумкин. Бу ҳақда “Space” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, кундузи Ой Қуёшнинг бир қисмини тўсиб қўяди. Аввалроқ хабар берилганидек, тўлиқ қуёш тутилиши Гренландиянинг шарқий қисми, Исландиянинг ғарбий ҳудудлари ва Испания шимолида кузатилади. Шу билан бирга, Шимолий Америка, Европа ва Шимолий Африкада яшовчи қарийб 779 миллион киши камида 10 фоизли қисман қуёш тутилишини кўра олади.
Шимолий Америкада энг катта қисман тутилиш Канаданинг Нунавут ҳудудида кузатилади. Бу ерда Қуёш дискининг 93 фоизигача қисми Ой билан ёпилади. АҚШда эса энг яхши манзара Аляска ва мамлакатнинг шимоли-шарқий қисмида кузатилади.
Қуёш ботгач, Венера “дихотомия” деб аталувчи ҳолатга етади. Бу пайтда сайёра телескоп ёки кучли дурбин орқали ярим ой шаклида кўринади. Қоронғу тушгач эса йилнинг энг машҳур метеор оқимларидан бири – Персеидлар ёмғири энг юқори фаоллик босқичига киради. Бу йил Янги ой туфайли осмон ой нури билан ёритилмайди ва қулай шароитда соатига 50–75 тагача “учар юлдуз”ни кузатиш мумкин бўлади.
Мутахассислар метеорларни кузатиш учун энг яхши вақт маҳаллий вақт билан тунги соат 00:00 дан 02:00 гача бўлишини билдирмоқда. Қишлоқ ҳудудларида, ёруғлик ва ҳаводаги ифлосланиш кам бўлган жойларда эса Сомон йўлини ҳам йилдаги энг яхши кўринишларидан бирида томоша қилиш имкони пайдо бўлади.
Live
AllQo'yliqda ham yong'in sodir bo'ldi
06 August