22 яшар қиз ўлими ортидан эронлик таниқли футболчи сиёсатни қоралаб чиқди
Спорт
−
26 Сентябрь 2022
4841Эрон миллий терма жамоаси ва “Байер” клубининг футболчиси Сердар Азмун "нотўғри" ҳижоб таққани учун ҳибсга олинган ва ҳалок бўлган аёлнинг ёнини олди. Бу ҳақада Сердар Instagram саҳифасида пост қолдирган.
Сердар Азмун фикрлари учун терма жамоадан четлатиладиган бўлса, бу жазо ноҳақ ўлим топган аёлнинг бир тола сочига ҳам арзимаслигини урғулаган.
“Терма жамоа регламентига кўра, йиғин тугагунига қадар гапиришимиз тақиқланган. Аммо мен жим тура олмайман. Бунинг учун терма жамоадан четлатиладиган бўлсам, бу қурбонлик эронлик аёлнинг бир тола сочига ҳам арзимайди. Ушбу пост ҳеч қачон ўчирилмайди. Одамларни осонгина ўлдирганингиз учун уят. Олға, эронлик аёллар”, деб ёзган “Байер” ҳужумчиси.
Азмун постини ҳеч қачон ўчирмаслигини айтган бўлса-да, орадан кўп ўтмай унинг Instagram саҳифасидаги барча постлар очириб ташланди. Катта эҳтимол билан Азмунни шундай қилишга мажбурлашган бўлиши мумкин. Эътиборли жиҳати шундаки, эронлик таниқли спортчилар сиёсат билан боғлиқ вазиятларга деярли муносабат билдиришмайди. Сердар эса стереотипларни парчалай олди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 сентябрь куни Эронда ахлоқ полицияси томонидан нотўғри ҳижоб кийгани учун ҳибсга олинган 22 ёшли талаба Маҳса Амини вафот этди. Унинг вафотидан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланди.
Намойиш сифатида бутун мамлакат бўйлаб аёллар ҳижобни ёқиб, сочларини кесмоқда. Ушбу норозилик дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам акс-садо бермоқда.Намойишчилар кўчаларни тўсиб, хавфсизлик кучларига тош отди, полиция машиналари ва ахлат қутиларига ўт қўйди, ҳукуматга қарши шиорлар айтишди.
Амини ўтган ҳафта пойтахтда Эрон ахлоқ полицияси томонидан аёлларнинг сочларини ҳижоб ёки рўмол, қўл ва оёқларини кенг кийим билан ўрашни талаб қилувчи қонунни бузганликда айбланиб ҳибсга олинган эди.
Қўлга олинганидан уч кун ўтгач, Амини вафот этди. Расмийларга кўра, ўлимга "юрак етишмовчилиги" сабаб бўлган. Аммо марҳумнинг қариндошлари қизнинг юрагида ҳеч қачон муаммо бўлмаганини даъво қилмоқда. Улар жабрланувчини калтаклаш оқибатида вафот этган, деб тахмин қилмоқда.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари вазифасини бажарувчи Нада Ал-Нашиф Амини полиция томонидан калтаклангани ҳақидаги хабарларга ишора қилди.
Америка Қўшма Штатлари ўтган ҳафта ҳибсга олингандан кейин вафот этган эронлик Маҳса Амини ўлими сабабли Эроннинг ахлоқ полициясига қарши санкциялар киритди.
Эрон Инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотларига кўра, намойишлар чоғида камида 35 киши ҳалок бўлган, улар орасида ўсмирлар, қариялар ва бир нафар 10 ёшли қиз ҳам бор.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь