21 ёшдан сўнг никоҳдан ўтганлар молиявий қўллаб-қувватланади

Жамият

image

Ўзбекистонда никоҳни 21 ёшга етган шахслар ўртасида тузилишини рағбатлантириш мақсадида қўшимча молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини жорий этилади. Бу ҳақда бугун, 3 март куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини янада кучайтириш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш юзасидан таклифлар ҳамда янги ташаббуслар қаторида келтирилган.

Қайд этилишича, мамлакатда эрта никоҳ, эрта ёшдаги туғуруқ ҳамда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш масалаларига оила институтини мустаҳкамлаш жамиятда соғлом ижтимоий муҳитни шакллантиришнинг муҳим йўналиши сифатида доимий эътибор қаратиб келинмоқда.

Ушбу масалалар энг юқори даражада бир неча бор муҳокама қилиниб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда бошқа мутасадди идоралар олдига аниқ вазифалар қўйилган. Уларнинг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида идоралараро кенгаш ташкил этилган ва қисқа муддатларда амалий таклифларни ишлаб чиқиш топширилган.

Ўзбекистонда никоҳларнинг 40 фоизи 18-19 ёшдагилар ўртасида тузилиши, бироқ халқаро ташкилотларнинг энг мақбул никоҳ ёши 21 ёш экани, бу ёшга етган шахслар одатда молиявий мустақилликка эришиб, оила қуришга ҳар томонлама тайёр бўлиши ҳақидаги тавсиялари асосида қуйидаги ташаббуслар билдирилган:

  • никоҳни 21 ёшга етган шахслар ўртасида тузилишини рағбатлантириш мақсадида қўшимча молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини жорий этиш;
  • давлат божидан имтиёзлар бериш йўли билан никоҳланувчилар ўртасида никоҳ шартномаси тузилишини рағбатлантириш;
  • никоҳ ёшига оид қонунчиликни бузганлик учун жариманинг 15 фоизини бундай ҳолат ҳақида хабар берган шахсларга бериш тартибини жорий этиш орқали эрта никоҳларни аниқлаш самарадорлигини ошириш;
  • эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик ҳолатлари ҳақида ички ишлар органлари ва “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига хабар бериш бўйича идоралараро занжирни йўлга қўйиш, бунда қайд этилган ҳолатлар ҳақида хабар бермаслик учун маъмурий жавобгарликни белгилаш;
  • ҳомиладор ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан банд талаба қизлар учун таълимни давом эттириш имконини бериш орқали уларни таълимдан тушиб қолишининг олдини олиш ва бошқалар таклиф этилган.

Давлат раҳбари билдирилган ташаббусларни маъқуллаб, тегишли фармонга имзо чеккан ҳамда соҳадаги янгиликларни кенг жамоатчилик орасида тарғиб қилиш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда вояга етмаганлар билан никоҳ учун жарималар кескин оширилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

никоҳ эрта никоҳ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг