2018 йилда тижорат банкларининг умумий капитали қанчага ошди?

Жамият

image

Бугун, 1 май куни Парламент юқори палатаси қўмиталарида ялпи мажлисга киритилган масалалар дастлабки тарзда муҳокама этилмоқда.

Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси ҳамда Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлислари бўлиб ўтди. Унда қўмиталар аъзолари, тегишли вазирликлар ва идораларнинг раҳбарлари ҳамда масъул ходимлари, шунингдек ОАВ вакиллари иштирок этди.

Сенаторлар Вазирлар Маҳкамасининг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурининг 2019 йил I чорагидаги ижросига доир ҳисоботини дастлабки тарзда муҳокама қилди.

Қайд этилганидек, бу масала Президентимизнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқиб, парламент юқори палатасининг бўлажак ялпи мажлисига киритилган. Мурожаатномада Бош вазир ва ҳукумат аъзоларининг ҳисоботини ҳар чоракда эшитиб бориш назарда тутилган.

Эшитув Давлат дастури ижроси устидан тизимли мониторинг доирасида ўтказилди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамда Ҳисоб палатасининг 2018 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи дастлабки тарзда муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида банк тизимини ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилган. Натижада тижорат банкларининг умумий капитали 6 триллион сўмга ёки 29 фоизга ошиб, 2019 йил 1 январь ҳолатига кўра, 26,7 триллион сўмни ташкил этган. Устав капитали эса 21 фоизга ошиб, 19,7 триллион сўмни ташкил этган.

Мажлисда хусусий ва хорижий капитал иштирокини кенгайтириш, тижорат банклари, нобанк кредит ташкилотларининг тўлалигича бозор тамойилларига мувофиқ фаолият юритишини таъминлаш, пруденциал назоратнинг замонавий механизмларини жорий қилиш борасидаги ишларни давом эттириш зарурлигига эътибор қаратилди.

Тўлов тизимини илғор молиявий технологиялар асосида янада кенгайтириш, банклараро тўлов тизимининг барча мижозлар учун кечаю кундуз ишлашини таъминлаш эътибор марказида бўлди.

Ҳисоб палатаси фаолиятига оид ҳисоботда Давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармаларига тушумларнинг тўлиқлигини, уларнинг мақсадли шаклланишини ва самарали ижро этилишини таъминлаш борасида тизимли ишлар давом эттирилаётгани қайд этилди.

Бунда давлат ва ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига, Давлат бюджетини шакллантириш ва даромадларини кўпайтириш ресурсларини аниқлаш ҳамда улардан фойдаланишга, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини оширишга, шунингдек инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.

Шунингдек, давлат ва ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг тўлиқ ва самарали ижро этилишига тўсқинлик қилаётган тизимли камчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Кўриб чиқилган масалалар бўйича қўмиталарнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Парламент

Баҳолаганлар

3

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг