2016 йилдаги Президент сайловида “Миллий тикланиш” ютқизишга тайёр бўлиб майдонга кирган

Интервью

image

2016 йилда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида “Миллий тикланиш” партияси номзоди ғолиб бўлиш учун ҳаракат қилмаган. Партия сайловнинг натижаларига тайёр бўлиб, майдонга кирган. Бу ҳақда партия раиси Алишер Қодиров QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида сўз очди. 

Маълумки, Ўзбекистонда сўнгги Президент сайлови 2016 йилнинг декабрь ойида ўтказилди. Унда Шавкат Мирзиёев (ЎзЛиДеП), Сарвар Отамуродов (“Миллий тикланиш” ДП), Наримон Умаров (“Адолат” СДП) ва Ҳотамжон Кетмонов (Халқ демократик партияси) ўзаро куч синашган. 

Сарвар Отамуродовни ёқлаб 421 минг 55 нафар сайловчи ёки овоз беришда иштирок этган сайловчилар умумий сонининг 2,35 фоизи, Шавкат Мирзиёевни ёқлаб 15 миллион 906 минг 724 нафар сайловчи ёки овоз беришда иштирок этган сайловчилар умумий сонининг 88,61 фоизи, Ҳотамжон Кетмоновни ёқлаб 669 минг 187 нафар сайловчи ёки 3,73 фоизи, Наримон Умаровни ёқлаб 619 минг 972 нафар сайловчи ёки 3,46 фоиз сайловчи овоз берган. 

Шунингдек, “Миллий тикланиш” партияси 2015 йилда ўтказилган Президент сайловида ҳам катта фарқ билан ғалабини бой бериб, партия номзоди Акмал Саидов Ислом Каримовга ютқазган. У бор-йўғи 583 309 та овоз олган. 

Хўш, нега Ўзбекистонда уч номзод тўплаган овозлар тўртинчи номзодникидан кескин фарқ қилади? 

“Бу масалага икки томонлама ёндашиш керак. Ўтган даврлардаги сайловларда қайд этилган натижалар номзодларнинг том маънода ҳаракат қилгани ёки қилмагани билан ҳам боғлиқ. Мен Биринчи Президентимиз давридаги сайловлар ҳақида гапирмоқчи эмасман. Чунки, мен ўша даврда бевосита қўлим билан бирор иш қилмаганман ва кўзим билан ниманидир кўрмаганман. Шунинг учун бу борада нимадир гапиришим нотўғри бўлади. Ҳаводан олиб гапириш мумкин, лекин бу тўғри бўлмайди”, дейди Алишер Қодиров. 

Партия раисига кўра, ўша вақтда Президент сайловида қатнашганларнинг жасорати, сайловда ютишга ишончи бўлмаган. 

“Бир нарсани айтишим мумкин: партиямизнинг номзодлари натижага тайёр бўлиб тарғибот ишларини олиб борган, деб ҳисоблайман. Чунки, биз ўша пайтдаги дастурлар билан танишиб чиқдик, чиқишларни кўрдик, сайловчиларга мурожаатларни кўрдик ва уларда биз бугун хоҳлаётган ғоялар, партиянинг жамиятни ўзгартириш учун бераётган аниқ таклифлари шижоат билан айтилмаган. Фикримча, уларнинг ўзида ҳам ишончсизлик бўлган.  

2016 йилги сайловда ўзим ҳам бевосита иштирок этганман ва бу жараёнларни жуда яхши биламан. Бутун ҳурматимни сақлаган ҳолда айтаманки, партия ғолиб бўлиш учун ҳаракат қилмаган. Бу нарсани тан олишимиз керак”, дейди Алишерв Қодиров.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда навбатдаги Президент сайлови жорий йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтиши белгиланган. Марказий сайлов комиссияси 23 июлдан эътиборан Президент сайлови кампаниясига старт берди. 

“Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров билан тўлиқ интервьюни қуйида ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Алишер Қодиров Миллий тикланиш

Баҳолаганлар

130

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг