20 ёшли ўзбекистонлик боксчи Олимпиада чемпионини ютиб, мусобақадан четлаштириб юборди
Спорт
−
31 Июль
37152Кеча, 30 июль кунги Олимпиада мусобақасида бокс бўйича Ўзбекистоннинг энг ёш спортчиси Тўрабек Ҳабибуллаев Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинлари совриндорини мағлуб этиб, уни мусобақадан чиқариб юборди.
Жангдан сўнг филиппинлик боксчи Эумир Марcиал ўзбекистонлик Тўрабек Ҳабибуллаевга ютқазиб қўйганидан “ҳайрон бўлганини ва буни изоҳлашга сўз тополмаслигини” айтди.
Спортчининг сўзларига кўра, Ўзбекистон чарм қўлқоп устаси Ҳабибуллаевга мағлуб бўлиш унинг учун катта йўқотиш бўлган.
“Менинг жанговар руҳим ҳеч қачон Филиппин учун сўнмаган. Мен жангдан ҳайрон бўлдим ва нима дейишни ҳам билмайман. Бу оғир йўқотиш, менга ишонган ва мени қўллаб-қувватлаган барча филиппинликларга бу мағлубиятни қандай тушунтиришга ҳайронман. Бу қийин майдон ва унда ҳеч ким йўқотишга тайёрланмайди. Лекин айтганимдек, афсусда эмасман. Халқ биладики, Олимпиадада олтин медални қўлга киритиш нафақат ўзим, оилам, балки, айниқса, Филиппин учун ҳамиша орзум бўлган”, дея ёзган у Instagram’даги саҳифасида.
Шунингдек, Эумир Марcиал ўзининг мағлубиятини ўйиндан икки ҳафта олдин олган жароҳати билан имзолаган.
“Кўпчилик билмайди, лекин саҳна ортида мен ушбу ўйиндан икки ҳафта олдин жароҳат олдим, бу ҳаракат қилишимга ва одатдаги машғулотларимни бажаришимга тўсқинлик қилди, бу менинг руҳий кучим ва умумий ишлашимга ҳам таъсир қилди. Лекин ҳали ҳам афсусланмайман, мен Худонинг бу йўқотишдан каттароқ мақсади борлигини биламан. Мен буни ҳозир тушунмаслигим мумкин, лекин Худо мени бошқа ҳар қандай жароҳатлардан ҳимоя қилганига ишонишим керак”, деган Марсиал.
Бундан ташқари, Марсиал ҳар куни машғулотларга олтин медални қўлга киритиш ниятида боргани, машаққатли меҳнат қилгани ва бу орзуси учун кўп нарсаларни қурбон қилиб, профессионал карьерасини тўхтатиб қўйганини қўшимча қилган.
“Мен ўша рингда боримни бердим ва натижа қандай бўлишидан қатъи назар, менга ишонган ва мени қўллаб-қувватлаган барча филиппинликларга чуқур миннатдорчилик билдираман. Олимпиадада юртимиз шарафини яна бир бор ҳимоя қила олганимдан жуда фахрланаман. Барча ибодатларингиз ва далда берувчи сўзларингиз учун раҳмат. Бу менинг саёҳатимнинг охири эмас”, дея постга якун ясаган у.
Эслатиб ўтамиз, 29 июль куни Олимпиада ўйинларининг бокс баҳсларида ўзбекистонлик Баҳодир Жалолов норвегиялик Омар Шиҳага қарши рингга кўтарилиб, ғалаба қозонганди.
Ҳулкар Муртазоева
LiveБарчаси