18-ҳужум: Украина яна Wildberries омборларидан бирини бомбалади (видео)

Олам

image

Украина дронлари бугун, 3 август тонгида Россиянинг Владимир вилоятида жойлашган Wildberries маркетплейсининг логистика марказига яна зарба берди. Бу ҳақда компания ахборот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, ҳужум оқибатида логистика маркази биносида ёнғин чиққан. Компания хабарига кўра, барча ходимлар эвакуация қилинган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса вақтида ҳеч ким жабрланмаган.

Владимир вилояти губернатори Александр Авдеевнинг айтишича, дронлар Собинск туманидаги омборга ҳужум қилган. Унинг сўзларига кўра, ҳужум оқибатида вайроналар ва ёнғин юзага келган, бир киши жароҳат олган.

Украина мониторинг Telegram-каналлари гувоҳлар видеоларига таяниб, гап Владимир вилояти Хрястово қишлоғи яқинида жойлашган “Владимир – Воршинское” логистика маркази ҳақида кетаётганини билдирган.

Июль ойи ўрталаридан буён Украина дронлари Россиядаги энг йирик маркетплейс Wildberries'нинг омборлари ва логистика марказларига деярли ҳар куни зарба бермоқда. Владимир вилоятидаги объект компаниянинг ҳужумга учраган 18-логистика марказига айланди.

Украина томони бу каби ҳужумларни мазкур омбор ва логистика марказлари дронлар ҳамда навигация ускуналари ишлаб чиқаришда қўлланиладиган санкция остидаги бутловчи қисмларни етказиб беришда фойдаланилаётгани билан изоҳлаб келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Wildberries асосчиси ва бош директори Татьяна Ким Украина дронларининг компания логистика объектларига қилган ҳужумлари оқибатида Ўзбекистон ва бошқа бир қатор мамлакатлар тадбиркорлари миллиардлаб зарар кўрганини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг