17 ёшли йигит хайрия учун йиғилган қарийб 25 млн сўмни ўғирлади
Жамият
−
02 Сентябрь 2019
4548Тошкентда касал боланинг даволаниши учун хайрия йўли билан йиғилган қарийб 25 млн сўм пул фирибгарлик йўли билан ўғирланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот хизмати хабар берди.
Жорий йилнинг август ойида Аҳмаджон А. ижтимоий тармоқлар орқали жиддий касалликка чалинган ўғлини даволашга пул йиғиш учун одамлардан ёрдам сўраган. Одамларнинг ёрдами билан операция учун 24 596 000 сўм пул йиғилган.
Telegram мессенжеридаги гуруҳлардан бирида мазкур эълонни кўриб қолган номаълум шахслар кўрсатилган рақамга қўнғироқ қилиб, картага пул ўтказишларини айтиб, тасдиқловчи код рақамини сўрайди. Шундан сўнг эълонга илова қилинган 16 рақамли карта кодидан фойдаланиб, юқоридаги суммани тўлиғича ўз ҳисоб рақамига ўтказиб олади.
Аҳмаджон Тошкент шаҳар ИИББга мурожаат қилган. Ушбу ҳолат юзасидан ЖКнинг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) билан жиноят иши қўзғатилган.
ИИББ ходимлари томонидан мазкур жиноятни содир этганликда гумон қилиниб Фарғона вилоятида олдинроқ ўғрилик ва фирибгарлиги учун судланган 17 яшар Нуруллохон М. қўлга олинди. Сўроқ чоғида у ушбу жиноятни 19 яшар Авазхон Ю. билан бирга амалга оширганини тан олган. Унинг квартирасидан тинтув чоғи ашёвий далиллар тариқасида пластик карта, 700 доллар, 464 минг сўм ва Samsung А30 телефони топилган.
Тезкор тергов тадбирлари давомида ушбу шахслар юқоридагидек усуллар билан касал қизнинг отаси билан боғланиб, банк картасидаги 18 122 781 сўмни ўз ҳисобларига тушириб олгани аниқланди. Ҳозирда уларнинг шунга ўхшаш бошқа жиноятларга алоқадорлиги ва бошқа шериклари бор-йўқлиги текширилмоқда.
LiveБарчаси