150 дан ортиқ Хитой фуқароси Россия томонида жанг қилмоқда – Зеленский
Олам
−
10 Апрель 3599 2 дақиқа
Украина Президенти Владимир Зеленский Россия босқинчи қўшинлари таркибида камида 155 нафар Хитой фуқароси Украина ҳудудида уришаётганини маълум қилди. Бу ҳақда у кеча, 9 апрель куни журналистлар билан ўтказилган матбуот анжуманида сўз очди.
“Хитой масаласи жиддий. Бизда фамилиялари, паспорт маълумотлари билан 155 нафар Хитой фуқароси бор. Улар Украинага қарши уришмоқда. Биз маълумотларни йиғмоқдамиз ва уларнинг сони бундан анча кўп, деб ҳисоблаймиз. Уларнинг 155 нафари бўйича бизда қаердалиги, қайси Хитой ҳужжатига эгалиги, ёши каби барча маълумотлар бор. Шунингдек, улар хизмат қилаётган жойлар – 70, 71 ва 255-мотострелкачи полклари ва бошқалар аниқ”, деди Зеленский.
У, шунингдек, Россия Хитой фуқароларини қандай қилиб ёллаётганини ҳам билишини айтган.
“Схемалардан бири ижтимоий тармоқлар, хусусан, TikTok ва бошқа Хитой ижтимоий тармоқлари орқали россияликлар реклама роликларини тарқатади. Расмий Пекин бу ҳақда билади. Руслар Хитой ижтимоий тармоқлари орқали ишга олиш ҳақидаги реклама видеоларини тарқатади. Бу яширин эмас – бу муҳим жиҳат. Балки, яширин ёлловлар ҳам бордир”, дейди Украина етакчиси.
Президентнинг сўзларига кўра, ёлланган хитойликлар аввал Москвага боради, 3-4 кунлик тиббий кўрикдан ўтади ва сўнгра 1-2 ой давомида ўқув марказларида тайёргарлик кўради.
“Улар Украинада жанг қилмоқда. Улар миграцион карталар ва “Мир” тўлов тизими карталарини олишади. Шу карталарга пул ўтказилади,” деди Зеленский.
У икки нафар Хитой фуқароси аллақачон асирга олинганини эслатган. Улардан бири жорий йилнинг 4 апрель куни Донецк вилоятининг Белогоровка ҳудудида 81-алоҳида аэромобиллик бригадаси томонидан, иккинчиси эса 5 апрель куни Тарасовка яқинида 157-алоҳида механизациялашган бригада томонидан қўлга олинган.
Зеленский, шунингдек, Украина ушбу икки хитойлик асирни Россия асирлигидаги украиналик аскарларга алмаштиришга тайёрлигини билдирган.
“Биз тайёрмиз. Бу ҳақда маълумот бердик. Биз уларни фақат украиналик аскарларга алмаштиришга тайёрмиз. Мен шуни таъкидлашни истардим. Кимдир кеча айтди: гўёки миш-мишларга кўра, биз бу хитойликларни Хитой раҳбари билан қандайдир музокаралар эвазига алмаштирмоқчимиз. Бу мутлақо реал эмас. Биз ҳар қандай асирни фақат украиналик аскарларга алмаштирамиз”, деди Зеленский.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Владимир Зеленский Украина Қуролли кучлари Россия армияси томонида жанг қилган икки нафар Хитой фуқаросини асирга олганини айтган эди. Кейинроқ, Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ли Сянь журналистлар билан ўтказилган матбуот анжуманида Хитой ўз ҳарбийларини Россия томонида жанг қилиш учун Украинага юбормаганини ва расмий Пекин ўз фуқароларидан жанговар ҳаракатларга ёлланмасликни талаб қилишини билдирди.
Live
Барчаси