15 ёшли қизга тегажоғлик қилган инструкторни жаримага тортиш бўйича суд қарори бекор қилинди

3-саҳифа

image

Фарғона вилоятида 15 ёшли қизга бузуқ ҳаракатлар содир этган инструкторга тайинланган маъмурий жавобгарлик бекор қилиниб, унинг қилмишида жиноят аломатлари бор-йўқлигини аниқлаш учун вилоят прокуратурасига юборилди.  Бу ҳақда “Немолчи” лойиҳаси хабар берди.

Қайд этилишича, 2024 йилнинг май ойида вилоятнинг Фурқат туманида М.Н. 15 ёшли қизга автомашинани бошқаришни ўргатаётган вақтида бир нечта номақбул ҳаракатлар содир этган. Қизнинг айтишича, эркак аввалига қизнинг шахсий ҳаёти ҳақида суриштира бошлаган, сўнгра унга соатини кўрсатган. Шунда эркак қизнинг қўлини ушлашга уринган. Бир мунча вақт ўтгач, унинг белидан  ҳам ушлаб, номақбул жинсий ҳаракатларни амалга оширган.

Кейинроқ М.Н. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси яъни “Жинсий зўравонлик” билан айбдор деб топилиб, 1 миллион 20 минг сўм миқдорида жаримага тортилган.

Билдирилишича, декабрь ойида Фарғона вилоят суди кассация инстанциясида Фарғона вилояти прокурори ўринбосарининг биринчи инстанция судининг қарори устидан берган протести кўриб чиқилган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 278-моддасига мувофиқ, агар орган (мансабдор шахс) ҳуқуқбузарнинг қилмишини жиноят таркибига киритиш мумкинлиги тўғрисида хулосага келса, материаллар прокурорга топширилиши керак. Судга кўра, Жиноят кодексининг 129-моддасига кўра, 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан номақбул ҳаракатлар жиноят ҳисобланади.

“Қўшимча қиламизки, Олий суд Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги 35-сонли қарорида ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий зўравонлик кўринишидаги номақбул ҳаракатлар Жиноят кодексининг 129-моддаси билан квалификация қилиниши кераклиги белгилаб қўйилган”, дейилади хабарда.

Шу асослар бўйича судья Х.Сотволдиев раислигидаги кассация инстанцияси Фурқат туман судининг ҳал қилув қарори ва Фурқат тумани ИИБ профилактика хизмати инспекторининг жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарорини бекор қилган. Суд иш материалларини Жиноят кодексининг 129-моддаси “16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан номувофиқ ҳаракатлар”да назарда тутилган жиноят аломатлари бор-йўқлигини аниқлаш учун вилоят прокуратурасига юбориш тўғрисида қарор чиқарган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятида 37 ёшли эркак қўшнисининг 13 ёшли қизига пул эвазига жинсий алоқа таклиф қилгани, унинг аёли эса бунда воситачи бўлгани ҳақида хабар берилганди. Ушбу иш судда кўриб чиқилганда эркакка 5 сутка қамоқ, хотинига эса 750 минг сўм жарима жазоси тайинланган. Апелляция суди ҳам қарорни ўзгартирмаган. Эндиликда туман ва вилоят судларининг ушбу қарорларига нисбатан Бош прокуратура томонидан Олий судга тафтиш тартибида протест келтирилди.


Мақола муаллифи

Теглар

суд тегажоғлиқ 15 ёшли қиз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг