Ерни легаллаштириш учун бирорта дарча қолдирмадик – Давлетов Юнусободдаги “снос”да тадбиркор ноҳақлигини айтди

Жамият

image
Юнусободнинг янги ҳокими ишни “снос”дан бошлади...ми? north_east

Юнусободнинг янги ҳокими ишни “снос”дан бошлади...ми?

Жорий йилнинг 25 январь куни бутун Ўзбекистон 20 соат давомида “свет”сиз қолган бир вақтда, Тошкент шаҳар, Юнусобод туманидаги тадбиркорларнинг дўконлари ҳеч қандай суд қарорисиз бузиб ташлангани ҳақида хабар берган эдик. Кеча, 7 февраль куни Юнусободда зўравонлик йўли билан бузилган дўконлар ва мансабдорлар томонидан ноқонуний тарзда бериб юборилаётган ерлар масаласи Адлия вазири Русланбек Давлетов билан ўтган матбуот анжуманида муҳокама қилинди.

“Ер масалалари аукционга ўтди. Бу лойиҳани ўтказиш жуда қийин бўлди. Мансабдорлар учун тўғридан тўғри ер бериб юбориш қанчалик зўр. Жуда яхши ва қулай. Битта ариза ёзилса, ерни беради. Айниқса, Тошкент шаҳри ҳудудида. Тошкент энг жозибадор шаҳар бўлиб, аукционда ер сотилмаслиги керак. Бугун ҳуқуқий нуқтаи назаридан ҳамма ёқдан “барьерлаб”, барча имкониятларни ёпиб ташладик. Энди ноқонуний қуриб олиб, легализация қилолмайди. Суд орқали ҳам мумкин эмас. Ерни легаллаштириш учун бирорта дарча қолдирмадик. Айрим мансабдорларни фантазиялари жуда кучли, ҳеч қандай қарорсиз ер ажратиб беришяпти. Ерни беради, “қуравер”, деб айтади. Натижа эса жуда ёмон. Ноқонуний ер ажратиш бўйича ички ишлар ва прокуратура органларида тузилмалар кучайтириляпти. Жамият сифатида бу “этап”дан ўтиб олишимиз керак. Ер жуда катта бойлик. Ҳатто, ерости бойликлар ҳам иккинчи даражали”, дейди Адлия вазири.

Давлетовга кўра, Юнусободда суд қарорисиз бузилган дўконлар ноқонуний тарзда қурилган. Унинг фикрича, дўконларнинг бузилишида ҳокимиятнинг талаби ўринли.

“Ноқонуний қурилишга гувоҳ бўлган жамоатчилик вакиллари ҳам беъэтибор бўлмасликлари керак. Ҳаммасини ортидан юриб бўлмаяпти. Юнусобод туманида дўконлар бузилаётгани ҳақида дод-вой солишди. Ҳолатни яхшилаб ўрганиб кўринг, дўконлар қурилишида ҳуқуқий асос борми? Тўғри, қонун бўйича суд қарори асосида бузилиши керак. Лекин ҳокимиятнинг ери бўлганидан кейин талаб қилишга ҳаққи бор. Зўравонлик бўлган бўлса, биз уларни ёнини олмаймиз. Тадбиркор дўкон қурмоқчи бўлиб, мурожаат қиляпти. Ҳокимликдаги мутасаддилар қаршиликлари йўқлигини айтиб, жавоб беришяпти. Шу асосда катта миллиард сўмлик дўконлар қуриляпти.

Текширишга борилса, ҳужжат борлигини кўрсатишяпти. Ваҳоланки, ер ажратиш деган катта институт бор. Ер танланиши, ажратилиши зарур. Ҳамма ҳужжатлар бўлиши керак. Бу йўналишни келгусидаги икки йилда жойига қўйиб олиш керак”, дейди вазир.

Юнусободдаги “снос” иши

2018 йилнинг 24 август куни Юнусобод тумани ҳокими Бахтиёр Абдусамадов туманнинг Мойқўрғон кўчаси 6-уй олдида Тошкент шаҳар Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси томонидан тасдиқланган намунавий лойиҳа асосида 0,20 гектарли (чегара режасига асосан) “ ASIA GAMMA LINE” МЧЖга болалар боғи ташкил қилиш ва унинг таркибида енгил турдаги ойнаванд кўринишдаги савдо дўкони, умумий овқатланиш шохобчаси ва хизмат кўрсатиш масканларини ўрнатишга рухсат бериш ҳақидаги қарорни имзолагани, тадбиркорлар эса шу қарор асосида қурилиш ишларини олиб боргани, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари аллақачон иш бошлаб, орадан вақт ўтгач, жорий йилнинг 25 январь куни иншоотларни бузишга киришилгани, “снос” жараёнида прокуратура, ҳокимлик вакиллари томонидан ҳеч қандай огоҳлантириш хати ёки суд қарори тақдим этилмаган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев масалага муносабат билдириб, қонунчиликка кўра, ноқонуний бино ва иншоотлар қандай тартиб бузилиши кераклигини тушунтирганди ҳамда Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигидан “снос”га бош-қош бўлган ходимларига нисбатан чора кўришни талаб қилганди. 

Дўконлар эгаси, тадбиркор Саидаъло Нажмиддинов2022 йилнинг 29 январь куни гувоҳ тариқасида Юнусобод туман прокуратурасига чақирилган. У прокуратурага адвокати билан бирга борган. Орадан бир неча соат вақт ўтиб, Нажмиддинов Жиноят кодексининг 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан гумонланувчи тариқасида олиб қолинган.

Юнусобод тумани 6-мавзеда бўлган "снос"дан азият чеккан тадбиркорлар фарёди ва ҳокимлик вакилининг изоҳини QALAMPIR.UZ'нинг YouTube канали, шунингдек ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида томоша қилишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Юнусобод “снос” Адлия вазири.

Баҳолаганлар

190

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг