Депутат ИИВга: “Хатоларни яшириш эмас, тан олиш ва тўғрилаш лозим!”

Жамият

image

Кеча, 23 сентябрь куни Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг сиёсий фракцияси йиғилишида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун лойиҳаси мухокама килинди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев маълум қилди.

Депутатнинг ёзишича, мазкур Қонун лойиҳасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасига ўзгартириш киритиш таклиф этилган. Бунда, ушбу Кодекснинг 54-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик, яъни “Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш” борасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этиб ҳаракатланаётган транспорт воситаларини вақтинча ушлаб туриш мақсадида жарима майдонига жойлаштириш тартибини жорий этиш таклиф қилинмоқда.

“Бундан кўриниб турибдики, амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс талабларига асосан фуқаро автомобилини ушбу кодекснинг 54-моддаси, яъни эпидемияга қарши кураш талабини бузганлик учун жарима майдончасида мажбурий ушлаб туриш мумкин эмас”, дея фикр билдирган Ғаниев.

ИИВ вакили берган маълумотга кўра мамлакатда карантин чекловлари жорий этилган муддат давомида 26 мингдан ортиқ ушбу турдаги қоидабузарликлар аниқланиб, транспорт воситалари жарима майдонларига вақтинча ушлаб туриш учун олиб кирилган.

“Таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг мақсадидан келиб чиқадиган бўлсак, бугунги кунга қадар Ички ишлар ходимлари томонидан МЖтКнинг 54-моддаси асосида 26 мингдан ортиқ транспорт воситалари жарима майдонларига ноқонуний тарзда олиб кирилганлигини англатадими? Карантин қоидалари бузилганда автомашина жарима майдонига қўйилишини қонуний деб жар солган ИИВ ушбу қонун лойиҳаси билан энди бу ҳолатларни нотўғри эканлигини тан олмоқда?

Агар бундай бўлмаса, хўш унда нима сабабдан кодексга ўзгартириш киритиш таклифи илгари сурилмоқда? Бу шу кунга қадар амалга оширилган, лекин қонуний асосга эга бўлмаган “хатоликларни тўғрилаш” учунми? Нима учун бу таклиф автомобиллар ҳаракатига доир карантин чекловлари бекор қилинган вақтда илгари сурилмоқда?”, деган саволни ўртага ташлаган депутат.

Таъкидлаш жоизки, фавқулодда ҳолатлар давридаги тартиб қоидалар ва карантин талабларига бўйсунмаган фуқароларга нисбатан ўз вақтида чора кўришни таъминлаш орқали аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилишда шубҳасиз куну-тун, иссиқ ва совуқда виждонан хизмат қилаётган минглаб ватанпарвар, мард ва ҳалол Ички ишлар органлари ходимларининг меҳнати ва ўрни беқиёсдур. Уларга ҳам осон эмас, дея депутат ИИО ходимлари меҳнатини эътироф этган.

“Модомики, Ички ишлар вазирлиги мазкур Қонун лойиҳасида таклиф этилаётган ўзгартишлар уларга ўз хизмат вазифаларини бажаришлари учун муҳим ҳисоблаб, қонун даражасида тегишли ҳуқуқий асослар яратиш зарурияти бор деб билишса, албатта парламент уларни доим қўллаб-қувватлайди.

Лекин қонун ҳужжатлари ва уларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ўзаро мос бўлиши, биринчи навбатда, қонун устуворлиги таъминланиши зарур деб ҳисоблайман! Шу боис, таклиф қилинаётган қонун лойиҳаси маъқулланишидан олдин ИИВ ҳам ўз хатосини тан олиши ва бугунги кунга қадар МЖтКнинг 54-моддаси асосида транспорт воситаларини жарима майдонларида ушлаб туриш ортидан фуқаролар томонидан тўланган маблағларини қайтаришлари энг тўғри йўл бўлади!”, дея вазирликни танқид қилган Дониёр Ғаниев.


Мақола муаллифи

Теглар

Дониёр Ғаниев

Баҳолаганлар

188

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made