1 йил ичида машинани маст ҳолда бошқарган 30 мингдан ортиқ ҳайдовчи жазоланди
Жамият
−
11 Февраль 3070 1 дақиқа
Ўзбекистонда 2024 йил давомида автомобилни маст ҳолда бошқарган 30 мингдан ортиқ ҳайдовчига жарима ва қамоқ жазоси тайинланди. Уларнинг баъзилари машина ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.
Билдирилишича, ўтган йили Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси (транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш) ва 136-моддаси (транспорт воситалари ҳайдовчиларини ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларини маст ҳолда текширувдан ўтказишдан бўйин товлаш) билан 32 999 нафар шахсга нисбатан 32 723 та иш кўриб чиқилган.
Хусусан, 31 351 нафар фуқарога нисбатан жарима, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва маъмурий қамоқ тарзидаги маъмурий жазо чоралари қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сенаторлар Жиноят кодексига тегишли ўзгартиришлар киритиш орқали транспорт воситасини такроран маст ҳолда бошқарганлик учун жиноий жавобгарлик, яъни уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланишини назарда тутувчи қонун лойиҳасини маъқуллаганди.
Моҳимбегим Маъруфалиева