1-синфга қабул жараёни 6 июлдан бошланади
Жамият
−
01 Июль 2020
78912020-2021 ўқув йили учун умумтаълим мактабларига 1-синф ўқувчиларининг қабул жараёни жорий йилнинг 6 июль кунидан бошланади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, 1-синфга ўқувчиларнинг ҳужжатлари 6-31 июль кунлари бириктирилган микроҳудуд доирасида ва 1-25 август кунлари мактабларнинг имкониятидан келиб чиқиб микроҳудуддан ташқари қабул қилинади.
Таъкидланишича, бу тадбирларнинг барчачи пандемия шароитини инобатга олган ҳолда амалга оширилмоқда.
1-синфга қабул учун қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:
1.Директор номига ариза;
2.Боланинг туғилганлик ҳақида гувоҳнома нусхаси;
3.Ота-онанинг паспорт нусхалари;
4.Боланинг соғлиғи тўғрисида тиббий маълумотнома;
5.Боланинг 3,5 х 4,5 см ҳажмдаги 4 дона рангли фотосурати.
Халқ таълим вазирлигининг эслатишича, Мактаб ёшига тўлмаган болани мактабга бериб қийнагандан кўра, мактабгача тайёрлов ташкилотларига юборган маъқул. Шу мақсадда, “тегишли йилнинг 31 августига қадар 6,5 ёшга тўлмаган, 1-синфда ўқиш истагини билдирган болаларнинг ота-оналари билан умумтаълим муассасасининг педагог ходимлари ва психологи томонидан болани мактабда ўқишга тайёрлаш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилади”, дейилади вазирлик тақдим этган маълумотда.
Бундан ташқари, пандемия шароитида ота-оналарнинг мактабларда тўпланиб қолишини олдини олиш мақсадида ҳужжат топшириш жараёни онлайн навбат асосида амалга оширилади.
“Тошкент шаҳрида тажриба-синов тариқасида илк маротаба 1-синфга борадиган ўқувчиларнинг ҳужжат топшириш жараёни qabul.maktab.uz орқали (5 июлдан) онлайн навбат асосида амалга оширилади”, дейилади хабарда.
Дастур Тошкент шаҳрида муваффақиятли татбиқ этилса, кейинги ўқув йилидан бошлаб бошқа ҳудудларда ҳам босқичма-босқич жорий қилинади.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2020-2021 ўқув йилида Республика бўйича жами 650 116 нафар бола 1-синфга қабул қилиниши режалаштирилган.
LiveБарчаси