1 ноябрдан иккита солиқ бўйича имтиёзлар қисман бекор қилинади

Жамият

image

Ўзбекистон Президенти томонидан “Ер ресурслари ва давлат мулки объектларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон имзоланди.

2020 йил 1 ноябрдан Солиқ кодексида назарда тутилган қуйидаги имтиёзлар бекор қилинади:

а) ер солиғи бўйича эгаллаган ер участкалари:

•    соғломлаштириш ҳамда дам олиш жойлари, туризм учун жойлар, хусусан дам олиш уйлари;

•    аҳолининг оммавий дам олиши ва туризм учун жойлар, агар улар тадбиркорлик фаолияти учун ажратилган бўлса;

•    санаторий-курорт объектлари, агар улар туристик зоналарда жойлашган бўлса;

б) мол-мулк солиғи бўйича санаторий-курорт хизматлари кўрсатиш учун фойдаланиладиган кўчмас мулк объектлари, агар улар туристик зоналарда жойлашган бўлса.

Тегишли равишда, 1 ноябрдан фойдаланилмаётган майдонларга нисбатан ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллаш тартиби юқорида санаб ўтилган ер участкаларига татбиқ этилади. Фойдаланилмаётган соғломлаштириш ва рекреацион ер майдонлари учун оширилган солиқ ставкаларини қўллаш механизми икки ой муддатда ишлаб чиқилиши лозим.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 1 апрелдан 31 декабргача бўлган муддатда фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланган иншоотларига, шу жумладан 1 апрелга қадар аниқланганларга нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллаш, шунингдек кўрсатилган солиқлар бўйича оширилган ставкаларни қўллаш натижасида юзага келган қарздорликка нисбатан пеня ҳисоблаш ва мажбурий ундириш чораларини кўриш тартиби тўхтатилган (3.04.2020 йилдаги ПФ-5978-сон Фармоннинг 4-банди «в» кичик банди). Субъект коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида жорий этилган чекловлар туфайли ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган ҳолатда мазкур норма қўлланилади.

Жўқорғи Кенгес ҳамда халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларига туристик зоналарда алоҳида санаторий-курорт объектлари эгаллаган ерлар учун мол-мулк солиғи ва ер солиғининг камайтирилган ставкаларини қўллаш ёки ушбу солиқларни тўлашдан озод этиш ваколати берилди.

Бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари, устав фондида давлат улуши миқдори 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, уларнинг таркибий бўлинмаларига тегишли бўлган аҳолининг дам олиш ва саломатлигини тиклаш билан боғлиқ идоравий дам олиш уйлари, пансионатлар, санаторийлар ва бошқа объектлар (болалар дам олиш лагерларидан ташқари) босқичма-босқич хусусий секторга реализация қилинади:

•    Вазирлар Маҳкамаси 2020 йил 1 сентябрга қадар Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган объектлар бўйича таклифларини киритиши лозим;

•    Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда уч ой муддатда республиканинг бошқа ҳудудларида жойлашган объектлар бўйича таклифларни киритиши лозим.

Молия вазирлиги томонидан 2021 йил учун Давлат бюджети лойиҳасини тайёрлашда республиканинг туристик зоналаридаги алоҳида ер участкалари, шу жумладан жисмоний шахслар фойдаланишида бўлган 1 гектардан ортиқ ер участкалари учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер солиғининг 3 бараваригача оширилган ставкасини белгилаш имконияти назарда тутилиши лозим.


Мақола муаллифи

Теглар

солиқ

Баҳолаганлар

113

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг