1 млн хонадондаги иситиш тизими тежамкорларига алмаштирилади
Жамият
−
27 Август
5480Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 27 август куни энергия тежамкорлигини таъминлаш, муқобил қувватлардан фойдаланишни кенгайтириш масалалари муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда жорий йилнинг июль ойида Президентнинг Фарғона вилоятига ташрифи чоғида ҳудудларда электр энергияси ва табиий газни тежашни илмий асосланган ҳолда 2 баравар ошириб бажариш йўллари кўрсатиб ўтилди. Шундан сўнг, Фарғона политехника институти олимлари томонидан Фарғона туманидаги электр истеъмоли ўрганилди.
Қайд этилишича, 4,6 минг хонадон ва 233 та тадбиркорга хизмат қиладиган “Лоғон” подстанциясидаги йиллик йўқотиш 5 миллион киловатт соатни ташкил қилади. Бу – табиий йўқотиш учун белгиланган меъёрдан 1,5 баравар кўп.
Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур подстанциядан электр оладиган 113 та трансформатордаги юкламани тенг тақсимлаш орқали 765 минг киловатт соат йўқотишнинг олдини олиш мумкин. Энг муҳими, бунга харажат талаб қилинмайди. Туман электр корхонасида бошқарув тўғри йўлга қўйилса бўлди. Республика бўйича 1800 та ортиқча сарф қилган подстанция ва 100 мингга яқин трансформатор борлиги таъкидланиб, мутасаддиларга ушбу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилиш, энергияни тежаш бўйича кўрсатма берилди.
Шунингдек, Қорақалпоғистонда газни тежаш бўйича яхши натижа борлиги айтиб ўтилди. Унга кўра, ҳозиргача 95 мингта хонадондаги эскирган “горелка” энергия тежамкорига алмаштирилгани ва иситиш тизими изоляция қилингани ҳисобига, йилига 145 миллион кубметр газ иқтисод бўлмоқда. Яна 16 минг эҳтиёжманд оилага маҳаллий бюджет ҳисобидан шундай печлар қўйиб бериш бошланган. Бу орқали 20 миллион кубметр газ иқтисод қилиниб, эҳтиёжманд аҳоли ихтиёрида 12 миллиард сўм қолади. Шу тарзда, Ўзбекистондаги 1 миллион хонадоннинг иситиш тизимини энергия тежамкорига алмаштириш вазифаси қўйилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қорақалпоғистонда шамол электр станциялари ва саноат корхоналари қурилиши бошланганди. Президент Мирзиёев электр ва газ истеъмоли лимитдан 20 фоизгача ошиб кетса ҳам базавий тариф сақланиб қолишини маълум қилганди.