1 июндан нималар ўзгаради?
Жамият
−
27 Май 19090 3 дақиқа
Ўзбекистонда 2025 йил 1 июндан эътиборан қонунчиликда бир қанча ўзгаришлар амалга ошади. QALAMPIR.UZ ушбу ўзгаришлар рўйхатининг айримларини бир ерга жамлади.
Яна 3 та давлат учун визасиз режим жорий этилади
2025 йил 1 июндан Баҳрайн Қироллиги, Қувайт Давлати ва Уммон Султонлиги фуқаролари учун Ўзбекистон ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгиланади. Бу 15 май куни қабул қилинган “2025–2026 йилларда сайёҳлар оқимини кескин кўпайтириш ва туристик хизматлар кўламини жадал кенгайтириш орқали туризмнинг иқтисодиётдаги ўрни ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонида белгиланди.
Фармонда 2025 йил якунига қадар туризм соҳасининг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:
- республика ҳудудларига 15,8 млн нафар хорижий туристларнинг сафарларини ташкил этиш, туризм хизматлари экспортини 4 млрд АҚШ долларига етказиш;
- ички туризмни ривожлантириш ҳисобига 40 млн та маҳаллий сайёҳларнинг ҳудудларга сафарларини ташкил этиш, қўшимча 378 та туроператор фаолиятини йўлга қўйиш.
2025 йил июнь ойидан “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастурини амалга ошириш учун ҳар ой 2-ҳафтасининг шанба ва якшанба кунлари “Оила ва жамоа билан саёҳатга чиқиш куни” этиб белгиланади.
Энди йўлларда чизиқни босганлик учун камералар жарима ёзмайди
Автомобиль йўлларида ҳаракатланиш тартибини янада такомиллаштириш, ҳайдовчиларга қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда уларни қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, жорий йил 1 июндан бошлаб йўл чизиқларини босиб қоидабузарлик содир этиш ҳолатларини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари орқали қайд этишга йўл қўйилмайди. Тўхташ чизиғи – “стоп-линия” (5.33 йўл белгиси) бундан мустасно.
Яъни, ҳайдовчи чизиқни босиб олса, бу қоидабузарлик фоторадар ёки видеокамера орқали қайд этилмайди, демак, автоматик равишда жарима ёзилмайди. Лекин, ЙПХ ходими томонидан аниқланганда, қоидабузарлик ўрнатилган тартибда расмийлаштирилади.
Энди йўллар фақат кечаси таъмирланади
1 июндан бошлаб шаҳарлар автомобиль йўлларида таъмирлаш ёки йўл чизиқларини чизиш билан боғлиқ ишларни соат 07:00 дан 21:00 га қадар амалга оширишга (дам олиш кунлари, шунингдек, кечиктириб бўлмайдиган алоҳида ҳолатлар бундан мустасно) йўл қўйилмайди.
Таъмирлаш ва йўл чизиқларини янгилаш ишлари энди кундузи эмас, фақат кечаси – йўллардаги ҳаракат камайган вақтда амалга оширилади.
Ҳайдовчилар учун жарима баллари тизими 1 июндан кучга киради
Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тартиби жорий йил 1 июндан кучга киради. Бу Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 6 май куни қабул қилинган “Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида” қарорида белгиланган.
Қарорга мувофиқ, жарима баллари ҳайдовчиларга нисбатан фақат ЙПХ ходимлари томонидан расмийлаштирилган жарималар асосида, автоматлаштирилган тартибда инсон омилисиз E-jarima модули орқали ҳисоблаб борилади.
Автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш мосламалари орқали аниқланган қоидабузарликлар учун жарима баллари ёзилмайди. Бу масала камералар қайд этган қоидабузарлик вақтида автомобиль рулидаги шахсни идентификация қилиш имконияти яратилганидан кейин кўриб чиқилади – Ички ишлар вазирлиги ҳукуматга бу борада хулоса киритиши керак.
Шунингдек, 12 ой мобайнида йўл ҳаракати қоидаларини бузмаган ҳайдовчиларга рағбатлантириш тариқасида кейинги даврда қоидаларни биринчи марта бузганлиги учун биринчи жарима балли ҳисобланмайди.
Ҳайдовчига жарима балли ёзилганидан кейин у 6 ой давомида бошқа қоидабузарлик содир этмаса, унинг жарима балларидан 2 жарима балли чегириб ташланади.
Ҳайдовчининг ҳисобидаги жарима баллари 12 ой ичида 12 баллга етиб қолса, тегишли ҳужжатлар судга инсон омилисиз, автоматик юборилади ва ҳайдовчи SMS орқали хабардор қилинади. Суд бундай ҳайдовчиларни 6 ойдан 3 йилгача муддатга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этади.
Live
Барчаси