1,5 минг ўзбекистонлик Словениядан иш топиши мумкин

Жамият

image

Касбий ва тил талабларига жавоб берадиган 1500 дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси Словенияда расман иш топиши мумкин. Бу ҳақда Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев кеча, 22 май куни Люблянада “Синчалак” блогига берган қисқа интервьюсида маълум қилди.

Унинг айтишича, 2025 йил ҳолатига кўра Словенияда ишсизлик даражаси рекорд даражадаги паст кўрсаткичларга етган — 3,2−3,5 фоиз атрофида. Иш билан бандликнинг юқори даражаси маҳаллий меҳнат бозорида мутахассислар етишмаслигига олиб келган. Кадрлар тақчиллиги айниқса қурилиш, хизмат кўрсатиш, соғлиқни сақлаш, меҳмонхона ва ресторан бизнеси, ишлаб чиқариш, таълим ва ахборот технологиялари соҳаларида кескин сезилмоқда. Словения ривожланган Европа давлати бўлиб, аҳолиси 2 миллиондан сал кўпроқ. Аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот 35 минг еврони ташкил этади ва ривожланиш нуқтаи назаридан мамлакат кўплаб соҳаларда ишчиларга эҳтиёж сезади.

“Бу ерда Бандлик хизмати билан биргаликда меҳнат форумини ўтказдик. Унда 20 дан ортиқ йирик иш берувчилар иштирок этди. Улардан 7 таси билан шартнома тузиб, шу асосда бугунги кунда 1500 та иш ўрнига талаб олдик. Даромад юқори. Бу ерда энг кам иш ҳақи 1100 еврони ташкил этади ва мутахассислик ва тилни билишга қараб иш ҳақи тез ўсади”, деди Мусаев.

Миграция агентлиги директорига кўра, айни дамда Словениядаги бўш иш ўринларини эгаллаш учун асосан Филиппин ва Непал фуқаролари келмоқда. Бироқ кўпчилик Европа меҳнат бозори талабларига жавоб бермайди.

“Келгуси ойда Словениядан ишчи гуруҳ Ўзбекистонга ташриф буюриб, мамлакатимизда яратилган имкониятларни ўрганади. Шундан сўнг биз Словения учун алоҳида танловлар эълон қиламиз”, деди Беҳзод Мусаев. 

Шунингдек, у ишга жойлашиш учун инглиз ва словен (камида B1 даражасида) билиш талаб қилинишини айтди. 

Эслатиб ўтамиз, 21 май куни Мирзиёев Словения Президенти Наташа Пирц Мусарнинг таклифига биноан расмий ташриф билан Люблянага борганди. 22 май куни эса Люблянадаги Конгресс майдонида Президент Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Қолаверса, Люблянадаги Президент саройида Шавкат Мирзиёев ва Словения Президенти Наташа Пирц Мусарнинг тор доирадаги ва расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди. Шу билан бирга, Мирзиёев Словения Бош вазири Роберт Голоб билан учрашув ўтказганди.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Словения

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг