Норбоева билан бир йил: Сенатга “жон” кирдими?

Таҳлил

image

2019 йилнинг 21 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида Ўзбекистон тарихида илк бор аёл киши Парламент юқори палатаси раиси лавозимини эгаллади. Ўшанда ушбу йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, Танзила Норбоеванинг фидоийлиги, меҳнатсеварлигини айтиб, халқаро майдонда мамлакат имижини ошириш йўлида амалга оширган саъй-ҳаракатларини эътироф этган эди. 

Шу кундан бошлаб Ўзбекистонда гендер тенглиги ёки мамлакатда аёлларнинг жамият ҳаётида тутган ўрни ҳақида сўз очилгудек бўлса, гапнинг бир учи бориб Танзила Норбоевага тақалади. У янги Ўзбекистоннинг шуҳрат пиллапояларидан юқорилаётган “янги опалари” рўйхати аввалида келмоқда. 

Президент Танзила Норбоева номзодини Сенат раислигига илгари сураркан, шундай деган эди: 

“Танзила Норбоева қаерда ишламасин, ўзининг меҳнатсеварлиги, билим ва тажрибаси, талабчанлик ва ташкилотчилик фазилатлари, ўзига ишониб топширилган вазифани масъулият билан адо этиши, камтарлиги билан мамлакатимиз жамоатчилиги ўртасида муносиб обрў-эътибор қозонган.

Ишончим комил, барчангиз Сенатимизнинг янги Раиси раҳбарлигида Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги, жонажон Ўзбекистонимизнинг ёруғ келажагини таъминлаш учун ўзингизни аямасдан, катта куч-ғайрат билан меҳнат қиласизлар”. 

Шуни алоҳида қайд этиш ўринлики, Танзила Норбоева Сенат раиси лавозимини ушбу курсида 2015 йилдан буён фаолият юритиб келаётган Ниғматилла Йўлдошевдан қабул қилиб олди. Бу вақт давомида Сенат жонланди, одамлар орасига кириб борди, уларнинг ҳаётини ўрганди, турмуш тарзи билан танишди, ҳавойи ҳужжатлар ўрнини ҳаётимизга яқин қонун ва қарорлар эгаллашни бошлади. Аммо хато ва камчиликлар, эскилик сарқити бўлган “анъаналар”дан буткул фориғ бўлинди, дейишга ҳали анча бор. 

Сенатнинг одамлар ҳаётига кириб борганини жорий йилнинг сентябрь ойида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палататаси Кенгаши ва Сенат Кенгашининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарорида ҳам кўриш мумкин. Мазкур қарор кўплаб муҳокамаларга, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари чекланмоқда, деган эътирозларга сабаб бўлган бўлса-да, қарорга нечоғлик зарурат борлигини пандемиянинг ўзи исботлаб берди. 

Норбоева, ҳозирча халқ кўз ўнгида, унга ишонишяпти, ўтли чиқишларини эътибор билан кузатишмоқда. Айниқса, вазирлар, масъулларни сўроққа тутиши тилларда достон. Ҳа, у ҳали бошқа амалдорлар каби қовун туширмади. Туширмаслиги эҳтимоли ҳам юқори. Аммо бу кўп жиҳатдан унинг ўзига эмас, балки бутун Сенат таркибига боғлиқ. 

Норбоева даврига келиб, илк бор сенаторлар одоб-ахлоқи масаласи катта йиғилишда муҳокама қилинди. Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг аёлларнинг рўмолига қарата айтган гаплари ёдингизда бўлса керак. Ўшанда Норбоева Сенатнинг одоб-ахлоқ комиссиясини йиғиб, Ғаниевни тартибга чақирган, унга инсон ҳуқуқларини, айниқса, аёллар ҳуқуқларини поймол қилишга ҳаққи йўқлигини эслатиб қўйганди. Бироқ, Норбоевада Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларга қарата айтган ҳақоратомуз ва таҳдидий гапларига қарши фикр билдириш ва ушбу масалани ҳам одоб-ахлоқ комиссияси йиғилишида кўриб чиқишга жасорат топилмади. У Сенат ялпи мажлисларидан бирида оммавий ахборот воситалари ходимларининг мустақил ва эркинлиги, мамлакатда матбуот ва сўз эркинлиги қонунлар билан таъминланганини айтдию Ортиқхўжаевга миқ этмади. Шунга қарамай, ОАВ ходимлари Норбоевани дўст-амалдор сифатида билади, ишонади, ҳурмат қилади, ҳамфикр бўлади. 

QALAMPIR.UZ ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида сўровнома ўтказди. Унда респондентларга Танзила Норбоева билан Ўзбекистон Сенати ўзгардими, Парламент юқори палатаси ҳақиқатан ҳам халқ манфаатларини ҳимоя қилувчи қонун ва қарорлар устида ишлаяптими, деган саволлар билан мурожаат қилинди. 

Сўровномада жами 15,6 мингдан ортиқ киши иштирок этди. Уларнинг 3304 нафари ёки умумий иштирокчиларнинг 21 фоизи “Ҳа” деган жавобни танлаган. 

5011 киши ёки респондентларнинг 34 фоизи Сенат ўзгаргани ва у халқ манфаатлари йўлидаги қонун ва қарорлар устида ишлаётганини рад этиб, “Йўқ” деган жавобни берган.

3407 киши ёки респодентларнинг 22 фоизи Норбоева келгач, Сенат “жонланганини” эътироф этган. 

Қолган 3536 киши ёки респондентларнинг 23 фоизи Сенат “халқ уйи”га айланганича йўқ деган жавобда тўхтаган. 

Сўровнома натижаларидан кўриниб турибдики, Норбоеванинг фаолиятини респондентлар юқори баҳоламоқда, бироқ бу Парламент фаолиятига берилган баҳо дейиш қийин. Чунки кўпчиликнинг фикрича, Парламент ҳали халққа яқинлашмаган. 

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил охирида Ўзбекистонда навбатдаги Парламент сайлови бўлиб ўтди. 2020 йилнинг январида Сенат таркиби қайта шакллантирилди. Сенатнинг биринчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, Сенат раиси лавозимига Танзила Норбоева номзодини кўрсатди. Номзод 94 сенатор томонидан маъқулланди ва Норбоева яна Сенат раиси бўлди. Ўшанда Шавкат Мирзиёев Танзила Норбоева номзодини Сенат раислигига кўрсатар экан, шундай деган эди

“Танзила Камоловна олти ойдан буён мана шу лавозимда ишлаяптилар. Ҳаммангиз биласиз, ҳаракатлари мутлақо бошқача. Сенат уйғонди, десак тўғри бўлади. Илоҳим уйғонгани рост бўлсин. Танзила Камоловна билан кўп йиллар бирга ишлаганмиз. 

У сўнгги 30 йил давомида турли раҳбарлик лавозимларида самарали меҳнат қилиб келмоқда. 

Охирги олти ой давомида Сенат раиси сифатида катта ишларни амалга оширди. Битта нарсани мен сизларга очиқча айтишим керакки, ҳозир Танзила Камоловнанинг тажрибаси, ҳаракатлари, одамлар билан муомаласи, қаттиққўллиги, тажрибаси, бировга ёқадими, йўқми, жойларга бориб, қийналиб, 4-5 соат ўтириб, масалани чуқур охиригача етказиши, шижоати менга маъқул. 

Тарихда шахсни роли жуда катта. Ана шу шахс нуқтаи назаридан Танзила Камоловна ҳам ўз устида ишлаяпти, ҳам ўз жамоасини ишлатяпти. Ҳозирги шароитга энг муносиб номзод, деб баҳо бермоқчиман”, дейди давлат раҳбари.

Маълумот ўрнида, Танзила Норбоева Андижон вилояти, Шаҳрихон туманида туғилган, маълумоти олий. 1981 йилда  Тошкент давлат университетини битирган, педагогика фанлари номзоди.  

Иш фаолиятини 1974 йилда Андижон вилояти Шаҳрихон шаҳридаги 1-мактаб ёшлари етакчиси лавозимидан бошлаб, 1975-1995 йиллари  Тошкент шаҳрида  мактаб ўқитувчиси, директор ўринбосари ва Тошкент шаҳар ўқувчилар уйи директори, кейинчалик  турли даражалидаги давлат  органларида масъул лавозимларда ишлаган. 

1995-2010 йиллари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари котибияти мудири, Оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш мажмуаси раҳбари котибияти мудири, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза масалалари бўйича ахборот-таҳлил департаменти етакчи мутахассиси, бош мутахассиси лавозимларида ишлаган.

2010-2016 йиллари Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси лавозимида ишлаган. 

2016 йилдан 2019 йилнинг 21 июнига қадар Ўзбекистон Республика Бош вазири ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида фаолият юритган. 

Оилали, 2 нафар қиз фарзанди бор.


Мақола муаллифи

Теглар

Танзила Норбоева Сенат

Баҳолаганлар

172

Рейтинг

4.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг