Бошқа йўлимиз йўқ – Норбоеванинг танқидлари Ортиқхўжаевга тегишлими?

Жамият

image

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 30 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Ялпи мажлис аввалида Сенат раиси Танзила Норбоева раҳбарларнинг оммавий ахборот воситалари ходимлари билан мулоқотига эътибор қаратди. Жумладан у шундай дейди: 

“Давлатимиз раҳбари Инсон манфаатлари хамма нарсадан устун деган тамойилни биринчи кундан бошлаб илгари суряптилар. Энг аввало жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлаш, давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш, ОАВ эркинлини таъминлаш – ислоҳотларимизнинг асосий масалалари эканлигини хаммамиз яхши биламиз.

Бу масалаларга эътибор берилмаса, ҳуқуқий давлат сифатида ривожлана олмаймиз, олдинга юра олмаймиз”.

Норбоева сўзида давом этаркан, бугунги давр мансабдорлардан, давлат ташкилотларидан очиқлик ва ошкораликни талаб қилаётганини урғулади. 

“Мамлакатни янада ривожлантириш биздан янгича ёндашувларни, биринчи навбатда – ҳокимият фаолиятининг шаффофлигини, ошкоралигини талаб қилмоқда.

Раҳбарларнинг халқ учун очиқлиги, жамиятимизнинг барча соҳаларида очиқлик – бугунги бугунги кун талаби. Бошқа йўлимиз йўқ ва бунга кўникиб, ишимизни қайта кўриб чиқишимиз керак.

Бугун биз одамлар билан кундалик мулоқот қилиб, уларнинг муаммоларини шунчаки тинглашимиз эмас, балки диққат билан қулоқ тутиб, уларни тезлик билан ҳал қилишимиз керак”, дейди Сенат раиси.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бундан бир неча кун аввал аҳолини уй-жой билан таъминлаш масаласига бағишлаб ўтказилган селектор мажлисида раҳбарларни танқид қилиб, уларда ОАВ билан мулоқот қилиш кўникмаси йўқлиги, кўпчилик танқидларга нисбатан оғир, босиқ бўла олмаётганини айтган эди. Норбоева айнан шу гапларни эслади:

“Шу ўринда аҳолини уй-жой билан таъминлаш масаласига бағишлаб ўтказилган селектор мажлисида Давлатимиз раҳбари эскича бошқарув усулларидан қатъий воз кечишимиз, демократик ривожланаётган бугунги даврга мос бўлишимиз кераклигига яна бир бора урғу бердилар.

Бизнинг аввалги ёпиқлигимиз, одамлар билан, айниқса ОАВ вакиллари билан мулоқотга чиқмаслигимиз, коррупция холатлари хаётимиздан умуман чиқиб кетиши керак. 

Ўзингиз ўйланг, ҳудудларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига биргина қўпол ҳаракатимиз, ножўя гапларимиз билан қанчалик доғ туширишимиз мумкин.

Давлатимиз раҳбари ОАВ ислоҳотлардаги алоҳида ўрни борлигини ҳам тўғри таъкидлаб ўтдилар. Бугун журналистларимиз аҳолини безовта қилаётган муаммоларга барча раҳбарларнинг эътиборини қаратмоқдалар, улар нафақат муаммоларни қайд этмоқда, уларнинг ечими юзасидан янги, ностандарт ғояларни ҳам таклиф қилмоқдалар. 

Шунинг учун халқимиз билан, журналистларимиз билан мулоқот қилишни одат қилишимиз, муомала маданиятига, этика қоидаларига қатъий амал қилишимиз зарур. 

Турли ОАВ, шу жумладан, хорижий ОАВ томонидан билдирилаётган танқидларни тўғри қабул қилиб, очиқлик ва эркин фикр билдирилишини демократик давлатнинг асосий тамойилларидан бири сифатида қабул қилишимиз керак”.   

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 ноябрь куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларга қарата айтган таҳдидди гаплари аудиоси интернетда тарқалиб, уммон ортигача етиб борганди. Мазкур ҳодисага ЕХҲТ вакили, Буюк Британия ва АҚШ элчилари муносабат билдирди. Журналистларга нисбатан таҳдид қаттиқ қораланди. Аммо масалага Ҳукумат ва Сенат даражасида муносабат билдирилмаган бир вақтда, Президент Мирзиёев видеоселектор йиғилишида ушбу масалани кўтариб, давлат идоралари раҳбарларини яна бир бор сергак, маданиятли бўлишга чақирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

531

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг