Мирзиёев Норбоева ҳақида қандай фикрда? (видео)

Жамият

Маълумки, жорий йилнинг 20 январь куни ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи ялпи мажлисида Президент Шавкат Мирзиёев Сенат раислигига Танзила Норбоева номзодини кўрсатди. 

2019 йилнинг июль ойида декабрга қадар Сенат раиси лавозимида фаолият юритган Норбоева Президент тавсияга кўра, яна Сенат раиси бўлди. Давлат раҳбари унинг номзодини илгари сураркан, Норбоеванинг фаолияти ва шахсиётига изоҳ берди. Давлат раҳбарининг қайд этишича, Норбоева раҳбарлиги даврида Сенат уйғонган.

“Танзила Камоловна олти ойдан буён мана шу лавозимда ишлаяптилар. Ҳаммангиз биласиз, ҳаракатлари мутлақо бошқача. Сенат уйғонди, десак тўғри бўлади. Илоҳим уйғонгани рост бўлсин. Танзила Камоловна билан кўп йиллар бирга ишлаганмиз. 

У сўнгги 30 йил давомида турли раҳбарлик лавозимларида самарали меҳнат қилиб келмоқда. 

Охирги олти ой давомида Сенат раиси сифатида катта ишларни амалга оширди. Битта нарсани мен сизларга очиқча айтишим керакки, ҳозир Танзила Камоловнанинг тажрибаси, ҳаракатлари, одамлар билан муомаласи, қаттиққўллиги, тажрибаси, бировга ёқадими, йўқми, жойларга бориб, қийналиб, 4-5 соат ўтириб, масалани чуқур охиригача етказиши, шижоати менга маъқул. 

Тарихда шахсни роли жуда катта. Ана шу шахс нуқтаи назаридан Танзила Камоловна ҳам ўз устида ишлаяпти, ҳам ўз жамоасини ишлатяпти. Ҳозирги шароитга энг муносиб номзод, деб баҳо бермоқчиман”, дейди давлат раҳбари. 

Маълумот ўрнида, Танзила Норбоева Андижон вилояти, Шаҳрихон туманида туғилган, маълумоти олий. 1981 йилда  Тошкент давлат университетини битирган, педагогика фанлари номзоди.  

Иш фаолиятини 1974 йилда Андижон вилояти Шаҳрихон шаҳридаги 1-мактаб ёшлари етакчиси лавозимидан бошлаб, 1975-1995 йиллари  Тошкент шаҳрида  мактаб ўқитувчиси, директор ўринбосари ва Тошкент шаҳар ўқувчилар уйи директори, кейинчалик  турли даражалидаги давлат  органларида масъул лавозимларда ишлаган. 

1995-2010 йиллари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари котибияти мудири, Оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш мажмуаси раҳбари котибияти мудири, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза масалалари бўйича ахборот-таҳлил департаменти етакчи мутахассиси, бош мутахассиси лавозимларида ишлаган.

2010-2016 йиллари Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси лавозимида ишлаган. 

2016 йилдан 2019 йилнинг 21 июнига қадар Ўзбекистон Республика Бош вазири ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида фаолият юритган. 

Оилали, 2 нафар қиз фарзанди бор.


Мақола муаллифи

Теглар

Танзила Норбоева Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

213

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг