Кунлик эмас, асрлик режалар тузганмиз – Эрдўған Туркиянинг мақсадини фош қилди

Олам

photo_2020-02-05_21-38-57
Идлибда отишма натижасида ҳалок бўлган турк аскарлари сони олтитага етди north_east

Идлибда отишма натижасида ҳалок бўлган турк аскарлари сони олтитага етди

Сурия армияси чегараолди ҳудудининг катта қисмини назоратга олди north_east

Сурия армияси чегараолди ҳудудининг катта қисмини назоратга олди

Одатда дунёнинг қайси бурчагида бўлмасин мусулмонлар қатламига зулм қилиниб, улар ўлдирилса, дарров унга қарши чиқадиган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған мамлакати ўзи бошчилигида олиб бораётган ташқи сиёсатнинг моҳиятига яна бир бор изоҳ берди.

Эрдўған бугун, 5 февраль куни Қириққалъа вилоятида ўтган митингдаги нутқида дунёда барча давлатлар ва одамлар тенг ҳуқуқли эканига алоҳида урғу берди.

“Ўладиган дунёда ҳеч кимнинг бир-бирига ҳўжайин бўлишга ҳаққи йўқ. Келдик ва кетяпмиз. Дунё икки эшикли бир меҳмонхона эмасми? Бир эшикдан кириб, иккинчи эшикдан чиқамиз. Ўз ватандошларимиз билан биргаликда, қўшниларимиздан тортиб, барча мазлумларнинг яраларига малҳам бўляпмиз. Аракандан (Мьянма) Суриягача, Қримдан Туркистон ерларига қадар қаердадир бир қардошимизга нисбатан ноҳақлик бўлса, биз ўша ердамиз.

Туркиянинг Сурия, Ироқ, Ливия ва Шарқий Ўрта ер денгизида нима иши бор деб сўраганлар бу миллатнинг тарихи, маданияти ва қадриятларини билмаган ғофиллардир”, дейди Тойиб Эрдўған.

Туркия етакчиси сўзида давом этиб, мамлакатнинг ташқи сиёсатини танқид қилувчилар Сурияни парчалашга уринаётган ва миллионлаб одамларнинг қочоқ бўлишига сабаб бўлаётганларга шу саволни бермаётганига ҳайронлигини билдирди.

“Шуниси қизиқки, ўша одамлар минглаб километр наридан Сурияга келиб, Сурияни қонли кўлга айлантирганларга бу саволларни бермаяпти. Бизни Ливия масаласида қоралаганлар ўқ дорилар ичида қолган Ғарб мамлакатларини кўрмаяпти. Биз бу гапларга эътибор бермаймиз. 

Туркиянинг Ўрта ер денгизидаги ҳаракатларига қарши чиққанлар Исроил, Греция, Жанубий Кипрнинг газ сиёсатига ғинг демаяпти. Миллий туйғулари кўр бўлган, сиёсий нафси Ватан севгисидан устун бўлган бу гуруҳга биз эътибор бермадик, эътибор бермаймиз ҳам”, дея ўз қарашларини ифодалади Эрдўған.

Президент бундан кейин ҳам музокаралар столи ва керак бўлса, уруш майдонида Туркия манфаатларини ҳимоя қилишини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, Туркияни дунёга “тиргак” қилиш азалий режаларидан бири эканини айтди.

“Туркиянинг манфаатларини амалга ошириш учун нима қилиш керак бўлса, ҳаммасига тайёрмиз. Бундан кейин ҳам давлатимизнинг хавфсизлиги, истиқболи ва мустақиллиги учун майдонда ва стол атрофида бўлишда давом этамиз. Қадрли қардошларим, биз кунлик ҳисоб-китоблар эмас, асрлик режалар ортидан боряпмиз. Худди аждодларимиз каби. Биз авлодларимизга янада обод, янада кучли, янада обрўли ва ўз сўзини айтадиган мамлакат қолдириш дардидамиз”, деб сўзини якунлади Эрдўған.

Маълумот учун, сўнгги вақтларда Туркиянинг Россия билан муносабатлари унча яхши оқимда кетмаяпти. Туркия манфаатлари бир эмас, икки “қайноқ” нуқта – Сурия ва Ливияда Россия билан қарама-қарши бўлиб қоляпти.

Ливияда Туркия БМТ ва Ғарб давлатлари тан олган Фаиз Саррож ҳукуматини қўлласа, Россия Триполини олишга киришган маршал Халифа Ҳафтар кучларини қўллаб-қувватлаяпти.

Сурияда эса вазият янада жиддий. Путин “қанотлари” остида билганимни қиламан деётган Башар Асад Туркия қўшинлари террорчиларга қарши курашаётган ҳудудда ҳарбий ҳаракатлар бошлади. Аммо Ливиядан фарқли Сурияда Россиянинг расмий ҳарбий кучлари фаолият олиб боради ва Сурияни кучлантириб туради.

Суриянинг Идлибга ҳужумларни кучайтириш фонида Анқара ва унинг баъзи шериклари расмий Дамашқ ва Москвани гуманитар бинолар ва турк ҳарбийларига зарба беришда айбламоқда.

Сўнгги ҳафталарда Сурия ҳарбийлари Туркия аскарларини ўққа тутиши натижасида 10 га яқин турк ҳарбийси вафот этгани айтилди. Натижада “буфер зона” яратилиши керак бўлган Идлибда вазият кескинлашди. Эндиликда ҳудудда террорчилар асосан “Жабаҳат ан-Нусра” гуруҳи, Туркия ва Сурия ҳарбийлари тўқнаш келиш хавфи ортди.

Идлибдаги вазият

Россия, Эрон ва Туркия 2017 йил май ойида Остонада (ҳозирги Нур-Султон) Сурияда тўртта дескалация зонасини яратишга келишиб олган эдилар. Улардан учтаси 2018 йилда расмий Дамашқ назоратига ўтди. Идлиб ва қўшни Латакия, Хама ва Ҳалаб вилоятида жойлашган тўртинчиси ҳали ҳам ҳукумат қўшинлари томонидан ишғол этилмаган. Худуднинг аксарият қисми "Жабаҳат ан-Нусра" террорчилари томонидан қўлга олинган.

2018 йил сентябрь ойида Сочида Россия ва Туркия Идлибда қуролсизлантирилган зонани ташкил этиш тўғрисида битим имзолаган эдилар.

Идлибда ўндан ортиқ турли хил гуруҳлар мавжуд. Уларнинг энг йириги, туркпараст "Миллий озодлик фронти" ва "Жабаҳат ан-Нусра" каби жами 30 минг жангариларнинг бирлашмасидир.

Шу йилнинг январь ойи охирида Сурия армияси Алеппо ғарбига ҳужум қилиб, шаҳарнинг турар-жой ҳудудларини террорчилардан тозалаш мақсадида ҳар куни бомбардимон қилди. Бунинг натижасида ўнлаб тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлди. Уч кундан кейин Башар Асад армияси 2012 йилдан бери жангарилар назорати остидаги ва уларнинг энг катта таянч нуқталаридан бири бўлган Маарет Нууман шаҳрини террористлардан озод қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған Туркия-Россия

Баҳолаганлар

167

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made