Эрдўған Трамп билан шахсан учрашишни кутяпти
Олам
−
13 Ноябрь
1749Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп билан шахсий учрашувлар ўтказишни кутаётганини, чунки алоқаларни ривожлантириш учун телефон суҳбатлари етарли эмаслигини айтди. Бу ҳақда у Саудия Арабистони ва Озарбайжонга ташрифи якунида Президент пулидаги журналистлар билан суҳбатда айтди.
“Туркия ва АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг янги даврда ривожланишига телефон дипломатияси орқали эришиб бўлмайди. Умид қиламанки, биз жаноб Трамп билан халқаро форумларда учрашамиз ёки қандай қилиб олдинга боришимизни яхшироқ аниқлаш учун икки томонлама музокаралар олиб борамиз. Аммо ҳозир биз Трамп кабинети қандай шакллантирилишини кўришимиз керак. Унинг ҳукумати аъзолари, менинг вазирларим учрашувлар ўтказиб, бир-бирлари билан яқиндан танишади. Туркия ва АҚШ ўртасида бошқа жараёнлар бошланишини истаймиз. Ва, албатта, биз учун имкониятлар доимо мавжуд. Биз улардан фойдаланиб, ҳар икки давлат учун фойдали қадамлар ташламоқчимиз”, деди Эрдўған.
Туркия етакчиси “Трамп маъмурияти иқтисодиётни ўзининг асосий йўналишларидан бири сифатида кўришини” таъкидлади.
“Туркия стратегик географик жойлашуви ва ёш аҳолиси туфайли инвестиция имкониятларини тақдим этувчи давлатдир. Биз мамлакатларимиз ўртасидаги савдони кўпайтириш ва сармояни рағбатлантириш учун янги имкониятлар яратишимиз мумкин. Янги ҳамкорлик, айниқса, энергетика, инфратузилма ва технология соҳаларида ҳам мумкин”, деди Туркия раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ражаб Тойиб Эрдўған Трампни АҚШ президентлик сайловидаги ғалабаси билан табриклаб, Анқара ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланишига, Трампнинг Украина ва Ғазо бўйича келишувга эришиш ҳаракатларида ёрдам беришига умид билдирганди.
LiveБарчаси