Дунё етакчилари Трампни табриклашни бошлади
Олам
−
06 Ноябрь
9819Дональд Трамп ўзини АҚШнинг 47-президенти деб атаганидан сўнг дунё етакчилари уни ғалабаси билан табриклашни бошлади.
Биринчилардан бўлиб НАТО Бош котиби Марк Рютте Дональд Трампни АҚШдаги сайловлардаги ғалабаси билан табриклади ва у билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда у Х’да ёзди.
"Мен ҳозиргина Дональд Трампни Қўшма Штатлар президенти этиб сайлангани билан табрикладим. Унинг етакчилиги яна иттифоқимизни мустаҳкам сақлашда калит бўлади. НАТО орқали куч орқали тинчликни ривожлантириш учун у билан яна ҳамкорлик қилишни интиқлик билан кутаман", деб ёзди у.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам Трампни АҚШдаги сайловлардаги ғалабаси билан табриклади.
"Тарихдаги энг буюк камбек билан табриклайман. Бу жуда катта ғалаба. Сизнинг Оқ уйга тарихий қайтишингиз Америка учун янги саҳифани очади ва Исроил ва Америка ўртасидаги буюк иттифоқнинг кучли янгиланишини англатади”, деди Нетаньяху.
Франция Президенти Эммануэль Макрон Дональд Трампни АҚШ президентлиги сайловидаги ғалабаси билан табриклади.
"Табриклайман, Президент Дональд Трамп. Олдин тўрт йил давомида қилганимиздек, биргаликда ишлашга тайёрмиз", деб ёзди Макрон.
Франция раҳбари “ҳар бир томоннинг эътиқодини ҳурмат қилган ҳолда ва келажакка эътибор қаратган ҳолда тинчлик ва фаровонлик йўлида ишлашга” тайёр эканини айтди.
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ҳам Трампни АҚШ президентлиги сайловидаги ғалабаси билан табриклаб, икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш истагини билдирди.
“Дўстим Дональд Трампни сайловдаги тарихий ғалабаси билан чин қалбимдан табриклайман. Ҳиндистон-АҚШ кенг қамровли глобал ва стратегик шериклигини янада мустаҳкамлаш учун ҳамкорлигимизни янгилашни интиқлик билан кутаман. Келинг, халқларимиз фаровонлиги йўлида биргаликда ҳаракат қилайлик ва глобал тинчлик, барқарорлик ва фаровонликка ёрдам берайлик”, деб ёзди Моди.
Шунингдек, Сербия Президенти Александр Вучич Дональд Трампни АҚШ президенти этиб сайлангани билан табриклаб, Белград тинчлик йўлида Вашингтон билан ҳамкорликка содиқлигини таъкидлади.
“Дональд Трампни ғалабаси билан табриклаймиз, Сербия барқарорлик, фаровонлик ва тинчлик йўлида АҚШ билан ҳамкорлик қилишга интилади”, деб ёзди у Instagram'да Трамп билан бирга суратини чоп этиб.
Британия Бош вазири эса Трампнинг ғалабасини тарихий деб атади. Кир Стармер республикачини “тарихий ғалабаси” билан табриклаб, икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга умид билдирди.
“Сайланган президент Трампни сайловдаги тарихий ғалабаси билан табриклайман. Келгуси йилларда сиз билан ҳамкорлик қилишни орзиқиб кутаман. Энг яқин иттифоқчиларимиз сифатида биз эркинлик, демократия ва тадбиркорлик каби умумий қадриятларимизни ҳимоя қилишда елкама-елка турибмиз. Биламан, Буюк Британия ва АҚШ ўртасидаги ўзига хос муносабатлар – иқтисодий ўсишдан тортиб, хавфсизлик, инновациялар ва технологияларгача – келгуси йилларда Атлантика океанининг ҳар икки томонида гуллаб-яшнашда давом этади”, дейди Британия ҳукумати раҳбари баёнотида.
Чехия Бош вазири Петр Фиала ҳам Дональд Трампни табриклади.
“Бизнинг умумий мақсадимиз – [АҚШ] маъмуриятидаги ўзгаришларга қарамай, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар энг юқори даражада қолишини таъминлаш ва биз уларни фуқароларимиз манфаати учун ривожлантиришда давом этишдан иборат”, деб ёзди Бош вазир.
Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен эса Дональд Трампни АҚШдаги сайловлардаги ғалабаси билан табриклаб, “кучли трансатлантик кун тартиби” устида ҳамкорлик қилишни таклиф қилди.
“Дональд Трампни чин юракдан табриклайман. Европа Иттифоқи ва АҚШ шунчаки иттифоқчи эмас. Бизни 800 миллион фуқарони бирлаштирган халқларимиз ўртасидаги ҳақиқий шериклик боғлаб туради. Шундай экан келинг, уларга фойда келтиришда давом этадиган кучли трансатлантик кун тартиби устида бирга ишлайлик”, деди у.
Украина Президенти Владимир Зеленский ҳам Трампни АҚШдаги сайловлардаги “таъсирчан ғалабаси” билан табриклади ва шахсий учрашувга умид билдирди.
“Доналд Трампни сайловдаги таъсирчан ғалабаси билан табриклайман, сентябрь ойида биз Украина ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни батафсил муҳокама қилган ҳолда президент Трамп билан бўлган ажойиб учрашувимизни эслайман”, деб ёзган Зеленский Х'даги саҳифасида.
Унинг сўзларига кўра, Киев “Украинага икки томонлама кучли ёрдам” давом этишига умид қилмоқда. Зеленский Трампни ғалабаси билан шахсан табриклаш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлларини муҳокама қилишини қўшимча қилди. Зеленскийнинг сўзларига кўра, у Трампнинг ёндашуви Украина атрофидаги можарога барҳам беришини кутмоқда ва уни “биргаликда ҳақиқатга айлантиришга” умид қилмоқда.
Туркия етакчиси Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам Трампни АҚШ президентлик сайловидаги ғалабаси билан табриклаб, Анқара ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланишига умид билдирди. Туркия Президенти Трампнинг Украина ва Ғазо бўйича келишувга эришиш ҳаракатларида ёрдам беришига умид билдирди.
Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ҳам Трампни АҚШ президентлиги сайловидаги ғалабаси билан табриклади ва у билан яна ҳамкорлик қилиш истагини билдирди.
“Сайланган президент Доналд Трампни АҚШ сайловларида ғалаба қозонгани билан табриклайман. Стратегик муносабатларимиз ва шериклигимизни мустаҳкамлаш, минтақада ҳам, дунёда ҳам хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни илгари суриш йўлида яна бирга ишлашга умид қиламан”, деб ёзди араб давлат раҳбари Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Германия канцлери Олаф Шольц ҳам Трампни АҚШ президенти этиб сайлангани билан табриклади ва Берлин ва Вашингтон ҳар икки давлат фуқаролари манфаати учун ҳамкорликни давом эттиришини айтди.
“Дональд Трампни АҚШ президенти этиб сайлангани билан табриклайман. Германия ва Қўшма Штатлар Атлантика океанининг ҳар икки томонида фаровонлик ва эркинликни таъминлаш учун узоқ йиллик муваффақиятли ҳамкорлик тарихига эга. Фуқароларимиз манфаати йўлида бу ишни давом эттирамиз”, деб ёзди Шольц.
Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер ҳам Трампни АҚШ президенти этиб сайлангани билан табриклади ва Вашингтон Германияга кучли ҳамкор сифатида ишонишига ишонтирди.
“Трансатлантика муносабатлари мамлакатларимиз ва қитъаларимиз барқарорлиги ва фаровонлиги учун муҳим аҳамиятга эга. Можаролар ва ноаниқликларга тўла бу нотинч дунёда ҳамкорлигимиз икки томонлама, ҳам НАТО ва БМТдаги шериклар сифатида катта қадрият ва кучга эга. Сиз Германияга АҚШ учун кучли ҳамкор сифатида ишонишингиз мумкин”, дейилади Штайнмайернинг мактубида.
Венгрия Бош вазири Виктор Орбан эса Трампни АҚШ президентлигига сайловдаги ғалабаси билан табриклаб, бу бутун дунё учун зарурлигини таъкидлади.
“АҚШ сиёсий тарихидаги энг катта камбек! Президент Дональд Трампни улкан ғалаба билан табриклайман! Бутун дунё учун жуда зарур бўлган ғалаба", деб ёзди Венгрия ҳукумати раҳбари Х саҳифасида.
Кейинроқ Орбан Facebook’да эълон қилинган қисқа видео шарҳида бу "дунё тинчлигига умид" эканлигини айтди.
“Ҳатто шу йил бошида биз йил охирига қадар Ғарб дунёсида тинчлик тарафдори кучлар ғалаба қозониб, уруш кучларини мағлуб этишимизга умид қилган эдик”, деди у.
Венгрия Бош вазири Трамп билан қўшма режалари борлигини, у 2025 йилда, у лавозимга киришганида амалга оширилишини таъкидлади. У икки давлат ўртасидаги муносабатлар яхшиланишига ва иқтисодиётнинг “олтин асрга” қайтишига умид билдирди. Унинг фикрича, республикачи номзоднинг ғалабаси ёрқин ва "катта кураш натижаси" бўлди.
“Улар Трампга қамоқ билан таҳдид қилишди, мол-мулкини тортиб олишди, ўлдирмоқчи бўлишди, Америкадаги бутун оммавий ахборот воситаларини унга қарши қўйишди, лекин барибир у ғалаба қозонди”, деб таъкидлади Орбан Бишкекдаги Туркий давлатлар ташкилоти саммитида.
Орбан АҚШдаги партиялараро курашда Трампни очиқ қўллаб-қувватлаган ва унинг Оқ уйга қайтишига умид қилаётганини яширмаган. 31 октябрь куни Венгрия Бош вазири собиқ президент билан телефон орқали суҳбатда унга 5 ноябрь куни бўлиб ўтадиган сайловда ғалаба қозонишини тилади.
Илгари Венгрия ҳукумати Трампнинг президентликка эҳтимолий қайтишини икки томонлама муносабатларни яхшилаш, шунингдек, Украинадаги можарони ҳал қилиш умидлари билан боғлашини бир неча бор таъкидлаган эди. Трамп президентлик сайловларида ғалаба қозонса, Украина муаммосини ҳал қилишга ваъда берди.
Россия Президенти Владимир Путин эса республикачи Дональд Трампни президентлик сайловидаги ғалабаси билан табриклашни режалаштирмаяпти.
“Президентнинг Трампни сайлов билан табриклаш режаларидан хабардор эмасман. Унутмайликки, гап давлатимизга қарши урушда бевосита ва билвосита иштирок этаётган давлат ҳақида кетяпти”, деди Кремль вакили Дмитрий Песков.
Кремль матбуот котибидан Путин сайловдаги ғалабасидан сўнг Доналд Трамп билан телефон суҳбатига тайёрми, деган савол берилди.
“Бу биздан сўрашингиз керак бўлмаган нарса, мен сизга Путиннинг алоқа ва мулоқотга очиқлиги ҳақида эслатиб ўтмоқчиман, бу бутун дунёга маълум”, деди Песков.
“Fox News” телеканали ва “The Hill” газетасининг прогнозларига кўра, 5 ноябрь куни АҚШда бўлиб ўтган сайловларда Трамп ғалаба қозонди. Унинг ўзи аллақачон сиёсий ғалабасини эълон қилган ва ўзини АҚШнинг 47-президенти деб атаган. Ҳукмрон АҚШ Демократик партиясидан Камола Ҳаррис иштирок этди. У 2021 йил январидан бери АҚШ вице-президенти лавозимида ишлаб келмоқда. Трамп Американинг 45-президенти эди. У 2020 йилги сайловда демократ Жо Байденга ютқазди. Трамп сайловолди ташвиқоти давомида Украина можаросига барҳам бериш ниятида эканлигини маълум қилди.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь