АҚШнинг Яқин Шарқ ҳақидаги баёнотлари Туркияни хавотирга соляпти – Эрдўған
Олам
−
13 Ноябрь
5580Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Исроилнинг минтақадаги ҳаракатлари билан боғлиқ вазият бўйича АҚШнинг айрим баёнотлари Туркияни хавотирга солаётганини ва бу борада АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп билан самарали алоқаларни кутишини айтди. Бу ҳақда у бугун, 13 ноябрь куни Саудия Арабистони ва Озарбайжонга ташрифи якунида Президент пулидаги журналистлар билан суҳбатда сўз очди.
“Менимча, Трампнинг қайта сайланиши минтақадаги вазиятга таъсири ҳақида қандайдир хулоса чиқаришга ҳали эрта. Келинг, Трампнинг муваффақият қозонишини кутамиз. Унга ҳокимият ўтгандан кейин қандай қадамлар ташлашини кўрамиз. Янги президентлик муддати давомида Трамп минтақа бўйича жуда бошқача қадамлар қўйиши керак, чунки АҚШ томонидан вақти-вақти билан эълон қилинган баёнотлар бизни хавотирга солмоқда”, деди Эрдўған.
Шунингдек, у Трамп билан сайланганидан бир неча кун ўтиб гаплашганини ҳам эслади.
“Келажакда ҳам худди шундай алоқаларга эга бўлишга ишонаман. Чунки Трамп билан унинг сўнгги бошқаруви давридаги алоқаларимизни Байден билан алоқалар билан солиштириб бўлмайди. Умид қиламанки, янги даврда биз энг яхши қадамларни қўямиз ва бундан Америка Қўшма Штатлари ҳам, Туркия ҳам фойда кўради”, деб қўшимча қилди Эрдўған.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Эрдўған АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп билан шахсий учрашувлар ўтказишни кутаётганини, чунки алоқаларни ривожлантириш учун телефон суҳбатлари етарли эмаслигини айтганди.